Истанбулда йирик ёнғин. Қурбонлар орасида Ўзбекистон фуқароси борми?
Олам
−
12 Февраль 2022
7843Туркиянинг Истанбул шаҳрида ўзбекистонлик мигрантлар истиқомат қиладиган ҳудудларидан бири Гунгўран туманидаги Синанпаша кўчасида 5 қаватли бино ёниб кетди. Ёнғин оқибатида қурбон бўлганлар сони ортиб бормоқда.
Ёнғин кеча, 11 февраль куни соат 14:00 атрофида содир бўлган. Унда 4 нафар чет эл фуқароси ҳалок бўлган, 6 киши тутундан заҳарланиб, шифохонага етказилган.
Қайд этилишича, қурбонлар ёнғиндан қочиб ўзини ҳожатхонага қулфлаган ва ўша ерда тутундан заҳарланиб, вафот этган.
Жароҳатланган 6 киши ёнғиндан қочиш мақсадида ўзини юқори қаватдан пастга ташлаган.
Ўзбекистоннинг Истанбулдаги Бош консуллигидан хабар беришларича, ҳалок бўлганлар орасида Ўзбекистон фуқаролари йўқ.
“Ўзбекистон Республикасининг Истанбул шаҳридаги Бош консулхонаси Гунгўран тумани полиция Хавфсизлик Бошқармасида ташкил этилган тезкор штаб билан мунтазам алоқада бўлиб, охирги олинган маълумотларга кўра фавқуллоддаги ходисада вафот этган ва жабрланганлар орасида Ўзбекистон фуқаролари йўқлиги маълум бўлди”, дейилади Бош консуллик баёнотида.
Сўнгги маълумотларга кўра, қурбонлар сони яна бир нафарга ортган. Айни вақтда унинг қайси мамлакат фуқароси экани маълум эмас.
LiveБарчаси