Истанбулда ўлдириб кетилган Сайёранинг жасади қарийб бир ойдан бери топилмаяпти (видео)
Олам
−
18:35 4727 3 дақиқа
Аввалроқ, Туркиянинг Истанбул шаҳри Шишли туманида чиқинди йиғувчи томонидан ахлат контейнеридан ўзбекистонлик Дурдона Ҳакимованинг жасади топилгани ҳақида хабар берилган эди. Мазкур иш доирасида у ўлдирилган Умрониядаги уйда яна бир ўзбекистонлик аёл – Сайёра Эргашалиева ҳам бўлаклаб ўлдирилгани аниқланган. Аммо Эргашалиеванинг жасади ҳали ҳам топилмади. Бу ҳақда QALAMPIR.UZ сўровига асосан Ўзбекистоннинг Истанбул шаҳридаги бош консулхонаси маълум қилди.
“Марҳуманинг жасади ҳали топилмади. Қўшимча маълумотлар ҳозирча йўқ”, дейилади консулхона жавобида.
Туркиядаги ўзбек аёлларининг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамияти адвокатлари Эзги Экин Арслан ва Жеват Бозкурт юз берган ҳолатларни сўзлаб берар экан, бир хил чамадон, шу чамадонда 2 нафар жасад ташилгани аниқланган. Жасадни топиш учун ички ишлар органлари томонидан қарийб 400 минг тоннага яқин чиқинди сараланиб, текширилган.
Марҳуманинг жасади чиқинди полигонига олиб бориб ташлангани гумон қилинмоқда.
Эргашалиеванинг яқинлари эса воқеадан хабар топганидан бери Туркияда. Улар қизининг жасадини топмасдан Ўзбекистонга кетмасликларини айтмоқда.
“У фақат ишга келганди. Мен бутун Туркияга мурожаат қиламан, биз унинг жасади топилишини истаймиз. Биз қизимизнинг қабри бўлишини, дафн этилишини истаймиз. Бизнинг мақсадимиз қизимизнинг жасадини олиб кетиш. Ота-она сифатида биз жасад топилгунча Туркияда кутишда давом этамиз. Биз ҳеч қандай ҳолатда ҳам жасадни олмасдан Туркияни тарк этмаймиз. Биз иккала қотил ҳам энг оғир жазони олишини ва қамоқда чиришини истаймиз”, деган Эргашалиеванинг ота-онаси.
Таъкидлаш жоиз, Туркия ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларидан олинган дастлабки маълумотларга кўра, аввал Дурдона Ҳакимованинг ўлими билан боғлиқ ҳодисадан сўнг бедарак йўқолган деб топилган фуқаро – 1994 йилда Наманган вилоятида туғилган Эргашалиева Сайёранинг вафот этгани аниқланган.
Маълум қилинишича, тергов жараёнида марҳума Сайёра Эргашалиева Дурдона Ҳакимованинг яқин дугонаси бўлгани аниқланган. Шунингдек, тергов жараёнида гумонланувчилар Эргашалиева юзасидан кўрсатма беришдан бош тортганликлари қайд этилган.
Дастлабки маълумотларга кўра, жорий йилнинг 22 январь куни марҳумалар ҳамда гумонланувчилар Истанбул шаҳрининг Фотиҳ туманида жойлашган ресторанларнинг бирида биргаликда тушлик қилган. Учрашув давомида Эргашалиева ва Ғ.К. ўртасида келишмовчилик юзага келган. Тахминларга кўра, можаро Эргашалиеванинг Ўзбекистонга қайтиш нияти билан боғлиқ масалада келиб чиққан.
23 январь куни Т.Д. ва Ғ.К. ўзаро тил бириктирган ва Эргашалиевани аввал пичоқ билан ўлдириб, танани бир неча қисмларга бўлиб, Фотиҳ туманидаги ахлат қутиларига ташлашган. 24 январь куни қотиллар Эргашалиеванинг телефонидан Ҳакимовага SMS-хабар юбориб, уни ҳам чақирган ва Эргашалиева сингари пичоқ тиқиб ўлдириб, танани бир нечта қисмларга бўлиб, Шишли туманидаги ахлат қутиларига ташлаган.
Ўзбекистон Республикасининг Истанбул шаҳридаги Бош консулхонаси мазкур ҳолатни доимий назоратга олган бўлиб, Туркия ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлари билан яқин ҳамкорликда иш олиб бормоқда.
Тергов ҳаракатлари давом этмоқда. Гумонланувчиларга нисбатан қамоққа олиш бўйича эҳтиёт чора қўлланилган ва улар айбига иқрор бўлишган, ҳужжатлар судга тақдим қилинган.
Live
Барчаси