Кореяда ўлган “Нозима учун адолат” борми?
Таҳлил
−
03 Май 6781 8 дақиқа
Туркияда ваҳшийларча ўлдирилган Дурдона Ҳакимова, Сайёра Эргашалиева, Дилафруз Чўлиева… Бу қаторни яна қанча давом эттириш мумкин?
Сўнгги пайтларда тез-тез учраётган ўзбекистонлик мигрант аёлларнинг хорижда тазйиқ ва зўравонлик қурбони бўлаётгани ҳақидаги хабарлар кўпаймоқда. Булар орасига Жанубий Кореяга ишлаш мақсадида кетган Ўзбекистонлик 26 ёшли Нозима Ким ҳам қўшилди. 2026 йил 4 март куни аёл Жанубий Кореянинг Пхёнтхек шаҳрида жойлашган ўз уйида ўлик ҳолда топилгани айтилмоқда. Расмий маълумотларга кўра, яъни Ташқи ишлар вазирлигининг билдиришича, аёлнинг ўз жонига қасд қилгани тасдиқланмоқда. Бироқ ижтимоий тармоқларда тарқалган, унинг танасидаги кўкаришлар ва бўйнидаги чандиқлар акс этган суратлар бу хулосага нисбатан шубҳа уйғотмоқда. Марҳуманинг онаси ҳам қизининг ўз жонига қасд қилганига ишонмаётганини ва боласи билан доимий алоқада бўлганини билдирган. Ижтимоий тармоқларда бу воқеага алоқадор турли хил асосли ва асоссиз хабарлар кўпайгандан кўпайган. Ҳар ким ўз шубҳа гумонлари орқали воқеани изоҳлашга уринади. Бироқ Нозима ким ўз жонига қасд қилганми ёки зўравонлик қурбони бўлганми? деган савол ҳали ҳам очиқ. Ташқи ишлар вазирлигининг маълум қилишича, 14 апрель куни марҳуманинг онаси ва унинг адвокати элчихона ходимлари билан биргаликда ҳодиса юзасидан тергов ҳаракатлари олиб бораётган Кореянинг Пхёнтхек шаҳрига борган. Ҳолатга аниқлик киритиш мақсадида QALAMPIR.UZ ҳозирда Жанубий Кореяда бўлиб турган марҳуманинг онаси Феруза Алимбекова билан боғланди.
“Ўзи Нозима қизим ёшлигидан “Корея менинг орзуим, Кореяга бораман” деб айтиб юрар эди. Тошкентда икки йил корейс тилини ўрганди. Ёзув-чизувларни икки йил ўрганишга ҳаракат қилди. Кореяга виза олиш қийин бўлганлиги сабабли, турмуш қуриб кетди. Қизим жуда ҳам меҳрибон эди…” деб айтди марҳуманинг онаси.
Маълумотларга кўра, Нозима Кореядаги ўзбекистонлик меҳнат мигранти — наманганлик 25 ёшли Шерзод Шамсиддинов билан доимий алоқада бўлиб келган. Воқеа содир бўлишидан бир неча соат олдин улар ўртасида тортишув юзага келган, шундан сўнг аёл Шерзодни ташқарига кузатиб қўйган. Шу куни Нозима Шерзод Шамсиддиновнинг дўсти Сирожиддинга қўнғироқ қилган. Қўнғироқ вақтида Шерзод ҳам унинг ёнида бўлган. Қўнғироқдан сўнг Нозиманинг уйига борган Сирожиддин уни осилган ҳолда топган. Таъкидланишича, воқеа жойига полиция ва тез ёрдам ходимлари етиб келмасдан аввал Авазбек исмли блогер ҳолатни тасвирга олиб, уни ўз талқини асосида изоҳлаб берган.
Кореядаги ўзбеклар ҳаётини ёритиб борадиган блогер Авазбек “терговчими”?
Жанубий Кореяга ишлаш мақсадида борган, кейинчалик блогерлик фаолияти билан шуғулланган Авазбек ушбу воқеани биринчилардан бўлиб ёритган. У ўзининг тармоқлардаги профили орқали Нозима Кимнинг ўлими билан боғлиқ серияли видеолар жойлаштирган. Бироқ унга нисбатан ижтимоий тармоқларда норозилик бошлангандан сўнг, Нозима ҳақидаги барча видеоларни ўчириб ташлаган. Марҳуманинг онаси Феруза Алимбекова ҳам фарзандининг ўлими ҳақидаги хабарни биринчи бўлиб ундан эшитганини билдирган. Онанинг айтишича, Авазбек унга “қизингиз ўзини рўмолига осиб қўйди” деб айтган.
“2026 йил 4 март куни кечга яқин Шерзодбекнинг Telegram рақамидан менга видеоқўнғироқ бўлди. Кўтарсам, мен билан Авазбек исмли блогер йигит гаплашиб, қизингиз ўзини осиб қўйди, деб хабар берди. Мен умуман ишонмадим. “Қизим ундай қиз эмас, бўлиши мумкин эмас”, дедим. Сабаби қизим Нозима жуда хушчақчақ, ўзини яхши кўрадиган, жуда позитив қиз эди” деб айтди марҳуманинг онаси.
Блогернинг айтишича, қизнинг бўлажак турмуш ўртоғи Шерзодбек ушбу ҳодиса ҳақида дастлаб унга мурожаат қилган. Шу ўринда ҳақли савол туғилади: нега у воқеа ҳақида аввало полиция ёки масъул ходимларга эмас, айнан блогерга хабар берган? Шундан сўнг, Авазбек ушбу мудҳиш воқеа содир жойга, яъни Нозиманинг уйига бемалол кириб, хотиржам бўлган ҳодисани “текширувчи” сифатида ўрганишга ҳаракат қилади. Ҳатто у, бу уйга таклиф қилган Шерзодбек Шамсиддиновни ҳам сўроқ қилган.
У олинган жавобларга таяниб, воқеани ўз талқинида айтиб берган. Шу билан бирга, у Нозима Ким ҳақида ҳақоратли сўзлар ишлатиб, турли гумонлар асосида айбловлар ҳам билдирган. Авазбек тармоқ фойдаланувчиларидан бу видеоларни кўпроқ тарқатиб, уларни ўзича “огоҳликка” чақирган. Бироқ блогернинг ўзбек мигрант қизининг ўлимини бундай ҳақоратли сўзлар билан талқин қилиши ижтимоий тармоқларда кенг норозиликларга сабаб бўлган.
Жанубий Кореяда яшаб келаётган ўзбекларнинг айтишича, Пхёнтхек шаҳрида тез ёрдам тизими жуда яхши йўлга қўйилган. Таъкидланишича, тез ёрдамнинг ўртача етиб келиш вақти 5–10 дақиқани ташкил этади. Шаҳарнинг марказий ва зич ҳудудларида бу кўрсаткич кўпинча 5–7 дақиқа атрофида бўлади. Чекка ёки тирбанд ҳудудларда эса, 10–15 дақиқагача чўзилиши мумкин. Бироқ воқеа содир бўлган жойдаги кузатув камералари ёзувларида кўп қаватли уйнинг йўлагида Нозиманинг жасадини Шерзод ва унинг дўсти Сирожиддин олиб чиқаётгани акс этган. Бундан ташқари, Шерзодбекнинг кулумсираган юз ифодаси ҳам ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари орасида шубҳа уйғотган. Онанинг айтишича, агар тез ёрдамни чақириш имкони бўлган бўлса, нега қизини дарҳол шифокорларга топширмасдан, уни ўз қўлида олиб кетган?
Нозима Ким ўз жонига қасд қилганми ёки ўлдирилганми?
Бу воқеа ижтимоий тармоқларда март ойининг бошида тарқалган бўлса, кўплаб блогерлар ҳолатни турлича талқин қилган. Ҳаттоки тармоқларда “Нозимага адолат” номли челленж ҳам бошланиб кетган. Кореяда эса, ўзбек аёллари Нозима Ким учун намойиш ўтказди. 26 апрель куни Жанубий Кореянинг Пхёнтхек шаҳридаги полиция биноси қаршисида бўлиб ўтган ушбу намойишга Кореядаги ўзбекистонлик Анора исмли аёл бошчилик қилган. Видео тасвирларда бир қанча кореялик қизлар ҳам иштирок этгани кўринади.
“Марҳуманинг номига айтилаётган сўзлар Корея қонунчилигига тўғри келмайди. Унинг уйига кирганлар марҳуманинг қонуний турмуш ўртоғи эмас. Марҳуманинг уйига полиция ходимлари, суд экспертиза ходимларидан бошқа ҳеч кимга киришга рухсат берилмаган!” дейди намойиш вақтида Анора.
Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги Нозима Кимнинг ўлими билан боғлиқ ҳолатга аниқлик киритиб, барча саволларга жавоб берди. Корея ҳуқуқ-тартибот органларининг маълум қилишича, фуқаро Нозима Кимнинг ўлими юзасидан олиб борилган дастлабки тергов ва экспертиза натижаларига кўра, марҳуманинг вафотида қотиллик аломатлари аниқланмаган.
Пхёнтхек шаҳридаги Корея Миллий суд-тиббиёт экспертизаси томонидан амалга оширилган чуқурлаштирилган экспертиза натижаларига кўра, фуқаро Нозима Кимда ўз жонига қасд қилиш ташхиси асосида ўлим ҳолати қайд этилган.
Шунингдек, ДНК, қон, бармоқ изи таҳлил қилингани, унинг танасидан заҳарли ва дори моддалар ёки ички ҳамда ташқи тана қисмларида қаттиқ зарба таъсирида юзага келган кўкариш ҳолатлари аниқланмаган. Бироқ марҳуманинг онаси бундай суд-тиббиёт экспертизаси хулосалари тақдим этилмаганини айтиб, фақат оддий тиббий хулоса берилганини таъкидламоқда. Унинг сўзларига кўра, ушбу ҳужжатда Нозима Кимнинг ўлим сабаби аниқ кўрсатилмаган.
“Боламни жасадини Кореядан олиб келишганда, менга тиббиёт экспертиза хулосаларини беришди. Ҳужжатда ташқи томондан ҳаво етишмаслиги яъни бўғилиш орқали ўлим сабаби келтирилган. Бироқ ўз жонига жонига қасд қилган деб аниқ кўрсатилмаган” деб айтди Феруза Алимбекова.
Корея полицияси ижтимоий тармоқларда тарқалаётган, марҳума Нозима Кимга тегишли турли суратлар тергов жараёнида олинмаганини ва уларни тарқатиш Корея қонунчилигига кўра, тақиқланганини маълум қилган.
Бироқ марҳуманинг онаси Феруза Алимбекова ижтимоий тармоқларда тарқалган, қизининг танасидаги кўкаришлар ҳамда юз қисмидаги оғир жароҳатлар акс этган суратларни марҳуманинг жасади Ўзбекистонга олиб келингач, яъни она фарзандини кўргандан сўнг ўзи олганини айтмоқда. У ушбу суратлар ҳақиқатга тўғри келишини, унда ҳеч қандай ёлғон маълумот йўқлигини таъкидламоқда.
“Мен қизимнинг жасадини кўрганимда тамом бўлдим. Унинг танасига жуда қаттиқ жароҳат олгани ва бир қанча кўкаришлар борлигини кўриб юрак бағрим адо бўлди. Мен сизга тақдим қилган суратларни ҳеч олмаган, ўзим олганман. Бу суратларда очиқ-ойдин кўриниб турибди. Боламга жуда қаттиқ тазйиқ ўтказишган”, деди марҳуманинг онаси.
Пхёнтхек шаҳар полициясига кўра, ҳозирда тергов жараёни давом этмоқда, натижаси бўйича маълумот марҳуманинг яқинларига тақдим этилади. Айни пайтда Кореяда бўлиб турган марҳуманинг онаси адвокати орқали Корея полициясидан воқеа содир бўлган жой, яъни қизининг уйи олдидаги кузатув камераларига оид видеоёзувларни тақдим этишни сўраган. Бироқ полиция ушбу тасвирлар ўчиб кетганини маълум қилиб, уларни тақдим эта олмаган.
“Нозиманинг уйини эшигининг олдида камера бор. Агар у текширилса бу уйга ким кириб, ким чиққани маълум бўлади. Бироқ Корея полицияси уни менга бермади, сабаби 20 кундан сўнг ўчиб кетар экан”, дейди Феруза опа
Ташқи ишлар вазирлиги қошидаги ўзбек хотин-қизларининг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамияти ушбу масаладаги бир қанча вазиятларга ойдинлик киритиб, маълумот берди.
Билдирилишича, марҳуманинг жасадини Ўзбекистонга олиб келишда блогер Авазбек унинг онасидан пул талаб қилган. Бундан ташқари, у ижтимоий тармоқларда “эҳсон” қилиш йўли орқали ушбу харажатлар учун пул йиғиб бериши мумкинлигини ҳам айтган. Аммо она бунга рози бўлмаган. Шу вазиятда ҳам Блогер онадан пул талаб қилиб, Корея шифохонасида марҳуманинг жасади сақланган ҳар бир кун учун маълум миқдорда пул талаб қилган. Бу фактларни блогер ўз видеоларида ҳам тасдиқлаган.
Бироқ миграция агентлиги Нозима Кимнинг жасади 10 кун муддатда Кореяда сақланиши ва унинг Ўзбекистонга қайтарилиши билан боғлиқ барча харажатларини агентлик фонди томонидан қопланганини билдирди.
Маълумот учун, Ўзбекистонлик ҳар бир аёл ва унинг боласи расмий мигрант ёки нолегал бўлишидан қатъий назар, хорижда оғир ижтимоий аҳволга тушиб қолса, ёки вафот этса, Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 4 апрелдаги қарорига асосан, Миграция агентлигининг фондидан уларга ижтимоий ёрдам кўрсатилади ҳамда форс-можар ҳолатларда вафот этса, уларнинг жасади сақланиши ва ватанга қайтарилиш харажатлари мутлақ бепул амалга оширилади.
Хулоса қилиб айтганда, Кореяда яшаган ўзбек мигрант аёли Нозима Кимнинг ўлими ҳақида тасдиқланган ва тасдиқланмаган маълумотлар жуда кўп ва чалкашликлар мавжуд. Аслида, бу мудҳиш воқеа ҳақида дастлаб хабар берган ўзбекистонлик блогер бўлгани, шунингдек, унинг томонидан Нозима ҳақида ҳақоратли гапларнинг тарқалиши вазиятни янада чигаллаштирган. Она тергов натижалари эълон қилингунга қадар, Кореяда қолишини айтмоқда. QALAMPIR.UZ марҳуманинг онаси билан доимий алоқада бўлиб турибди. Ушбу масалага ойдинлик киритилиши ёки тергов тафсилотлари очиқланиши билан қўшимча маълумотлар берилади.
Live
Барчаси