Истанбулда дунёни очликдан қутқариш бўйича келишувга эришилди

Олам

image

Туркия, Россия, Украина ва БМТ делегацияларининг музокараларида Украина донини экспорт қилиш бўйича мувофиқлаштирувчи марказ ташкил этиш бўйича келишувга эришилди. Бу ҳақда Туркия Мудофаа вазири Ҳулуси Акар музокаралардан сўнг маълум қилди, деб ёзади “Анадолу”.

“Ижобий ва конструктив руҳда ўтган учрашув натижасида Истанбулда барча томонлар вакиллари иштирок этадиган мувофиқлаштирувчи марказ ташкил этиш, портдан чиқишда ва келиш пунктларида қўшма назорат ҳамда хавфсизлигини таъминлаш каби асосий техник масалалар келишиб олинди”, деган Акар.

Унинг таъкидлашича, бутун дунёга таъсир қилган ғалла инқирозини ҳал қилиш учун Россия ва Украина билан ўтказилган учрашувларда, бошқа нарсалар қатори, Украина портларидан ғалла ва бошқа озиқ-овқат маҳсулотларини ташишнинг аҳамиятига эътибор қаратилган. Вазирнинг қўшимча қилишича, Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған инқирознинг дастлабки кунлариданоқ Россия Президенти Владимир Путин ва Украина Президенти Владимир Зеленскийга мурожаат қилган ҳамда мунтазам бу масалаларнинг муҳимлигини кун тартибига чиқарган.

“Шу доирада Истанбулдаги “Календер” павильонида Туркия, Россия ва Украина Мудофаа вазирликлари ҳарбий делегациялари билан БМТ делегациясининг учрашуви бўлиб ўтди”, деган у.

Вазирнинг қайд этишича, бу йиғилиш озиқ-овқат инқирозини ечишда муҳим қадам бўлиб, денгиз орқали дон ва бошқа озиқ-овқат кемаларини хавфсиз ташиш бўйича барча тафсилотлар ишлаб чиқилган.

Ҳулуси Акар, ижобий ва конструктив руҳда ўтган учрашув натижасида Истанбулда барча томонлар вакиллари иштирок этадиган мувофиқлаштириш маркази ташкил этиш, портдан чиқишда ва келиш нуқталарида муштарак назорат, хавфсизлик навигация каби асосий техник масалалар келишилганини қўшимча қилди.

“Асосий тамойиллар бўйича келишув биз учун алоҳида аҳамиятга эга. Кўряпмизки, томонлар бу муаммони ҳал қилишга тайёр. БМТ билан келишилган ҳолда ечим топишга ҳаракат қиламиз. Шу маънода Украина ва Россия делегацияларининг келгуси ҳафта Туркияда яна учрашишига қарор қилинди. Ушбу йиғилишда барча тафсилотлар яна бир бор кўриб чиқилади ва расмий ҳужжат имзоланади”, деган вазир.

Ҳулуси Акар, Туркия бутун дунё учун инсонпарварлик муаммоси бўлган озиқ-овқат инқирозининг ҳал қилинишига ҳисса қўшишда давом этишини, минтақавий ва халқаро тинчлик ўрнатилиши учун ҳаракатини давом эттиришини таъкидлаган.

Акар, шунингдек, Россия, Украина ва Бирлашган Миллатлар Ташкилоти делегацияларига ғалла ва озиқ-овқат ташиш масаласига қўшган ҳиссаси учун миннатдорлик билдирган.

Маълумот учун, 8 июнь куни Россия ва Туркия ташқи ишлар вазирлари Сергей Лавров ва Мавлуд Чавушўғли Анқарада бўлиб ўтган музокараларда “Дон йўлаги”ни яратиш масаласини муҳокама қилдилар. Россия Президенти Владимир Путин аввалроқ Киев ўз портларини миналардан тозаласа, Москва Украина донини олиб кетаётган кемаларнинг тўсиқсиз ўтишини кафолатлаши, Бердянск ва Мариупол каби Россия назоратидаги портлар орқали товарлар экспорт қилинишини таъминлаши мумкинлигини айтган эди. У жаҳон озиқ-овқат бозоридаги муаммолар 2020 йилнинг февралида бошланганини эслатиб, Россиянинг Украина портларида донни тўсиб қўйгани ҳақидаги баёнотларни фейк деб атади. 

Туркия ҳукумати Украина ғалласини Қора денгиз орқали етказиб бериш учун хавфсизлик кафолатларини таъминлаши мумкинлигини маълум қилди. ТРТ телеканали ўтган ҳафта Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған маъмуриятидаги манбаларга таяниб, Украина ғалласини етказиб бериш бўйича йўл харитасини амалга ошириш механизми 80-90 фоиз тайёр эканлигини ва тегишли келишувларга эришилса, у амалга оширилиши мумкинлигини маълум қилди.


Мақола муаллифи

Теглар

дон Россия-Украина уруши Украинага босқин

Баҳолаганлар

138

Рейтинг

3.1

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг