Истанбулда амалдорлар коррупция иши бўйича оммавий қўлга олинди

Олам

−

image

Туркиянинг Истанбул шаҳри Бакиркўй тумани маъмуриятидаги 58 киши коррупция иши бўйича ушланди. Бу ҳақда DHA хабар берди.

Қайд этилишича, қўлга олинганлар орасида туман ҳокимининг беш нафар ўринбосари, муниципал кенгашнинг икки нафар депутати ва маъмуриятнинг алоҳида бўлинмалари раҳбарлари бор.

Прокуратура умумий ҳисобда 68 нафар гумонланувчини, жумладан, муниципалитет ходимлари ва тендерларда иштирок этган компаниялар вакилларини ҳибсга олишни топширган. Қолган ўн киши қидирилмоқда.

Назорат органи маълумотларига кўра, тергов давлатга зарар етказган товарлар ва хизматлар харид қилишдаги қоидабузарликлар ҳақидаги хабарлардан сўнг бошланган. Шунингдек, тадбиркорлар муассасаларнинг ишлаши учун рухсатномалар бериш эвазига улардан ноқонуний равишда пул талаб қилинганини маълум қилган. Агар эгалари тўлашдан бош тортса, ҳужжатларни расмийлаштириш қасддан пайсалга солинган.

Мутахассислар 2024–2026 йилларда муниципалитетнинг турли бўлинмалари томонидан ўтказилган 42 та тендер бўйича ҳужжатларни ўрганиб чиққан. Терговчилар, шунингдек, гумонланувчиларнинг телефон сўзлашувлари ва молиявий разведка материалларини таҳлил қилган. Тергов мансаб ваколатларини суиистеъмол қилган ҳолда тендердаги найранглар ва товламачиликда гумонланиш бўйича олиб борилмоқда.

Операция туман ҳокими ва муниципал кенгашнинг баъзи депутатлари Жумҳурият Халқ партиясидан (CHP) мухолиф “Янги партия”га ўтиши кутилаётган кунда бўлиб ўтган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Туркияда Истанбулнинг мухолифат бошқараётган тумани ҳокими ва яна беш киши қурилиш ҳамда фойдаланишга рухсатномалар беришдаги қонунбузарликлар бўйича ўтказилаётган тергов доирасида қўлга олинганди.


Мақола муаллифи

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг