“Истанбул режаси”. Дунё бўйича буғдой инқирозини ҳал қилишнинг чораси топилди

Олам

image

Россия, Туркия, Украина ва БМТ Украина портларидан қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини экспорт қилиш учун хавфсиз йўлакнинг ишлашини таъминлайдиган йўл харитаси – Истанбул режасини тайёрлади. Бу ҳақда бугун, 2 июнь куни дипломатик манбаларга таяниб, “Анадолу” агентлиги хабар берди. 

Нашрнинг сўзларига кўра, Туркия Украинадан ғалланинг жаҳон бозорларига хавфсиз етказиб берилишини таъминлаш механизмини шакллантириш мақсадида маълум вақтдан бери дипломатик алоқалар олиб бормоқда. Туркия томони билан Россия Федерацияси, Украина ва БМТ вакиллари ўртасида олиб борилган музокаралар натижасида жаҳон ташкилоти шафелигидаги “Дон йўлаги”нинг функционаллигини таъминловчи йўл харитаси тайёрланди. 

“Истанбулда ташкил этилаётган дон экспорти маркази БМТ билан келишилган ҳолда Туркия воситачилигида Россия Федерацияси ва Украина ўртасидаги ўзаро муносабатларни тартибга солади”, дейилади хабарда.  

Истанбулдаги мувофиқлаштириш марказининг ишга туширилиши Украина портларидан жаҳон бозорларига 20 миллион тонна донни экспорт қилиш имконини беради.

Яқин кунларда Истанбулда барча манфаатдор томонларнинг “Йўл харитаси” тафсилотларини муҳокама қилиш учун йиғилиш ўтказиши кутилмоқда. Тўрт томонлама форматда йўналиш, суғурта, кема хавфсизлиги, портни миналардан тозалаш, шунингдек, Қўмондонлик маркази таркиби каби масалалар кўриб чиқилиши режалаштирилган.

Шундай қилиб, Россия Федерацияси ва Украинада ҳам ижобий қабул қилинган механизм туфайли Қора денгиз портлари атрофидаги ҳудудларни тозалаш ва ғалла заҳираларини ташқи бозорларга етказиб бериш мумкин бўлади.

Қайд этилишича, Президент Ражаб Тоййиб Эрдўғаннинг Владимир Путин ва Владимир Зеленский билан ўтказган суҳбатларида асосий мавзуларидан бири “Дон йўлаги” бўлган. 

Туркия Президенти билан суҳбатда Путин турк ҳамкорлари билан келишилган ҳолда юкларнинг тўсиқсиз денгиз транзитини осонлаштиришга тайёрлигини, жумладан, Украина портларидан ғалла олиб келишини билдирган. 

Зеленский билан суҳбатда Президент Эрдўған Украина қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини денгиз орқали экспорт қилиш учун хавфсиз йўлак яратиш лойиҳасига алоҳида аҳамият беришини айтган. 


Мақола муаллифи

Теглар

Владимир Путин Ражаб Тойиб Эрдўған БМТ Владимир Зеленский Дон йўлаги Истанбул режаси

Баҳолаганлар

877

Рейтинг

2.9

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг