Иссиқхоналарда газдан қарздорлик учун 6 ой пеня ҳисобланмайдиган бўлди – Президент қарори
Жамият
−
03 Ноябрь 2022
6027Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев кеча, 2 ноябрь куни “Иссиқхона хўжаликлари фаолияти самарадорлигини ошириш юзасидан қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорни имзолади. Қарорнинг тўлиқ матни билан қуйида танишишингиз мумкин.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори
Мамлакат аҳолисига сифатли ва кафолатли қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етказиб бериш орқали озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, иссиқхона хўжаликлари ва музлаткичли омборхоналарнинг иқтисодий жиҳатдан самарали ишлаши учун янада қулай шарт-шароитлар яратиш, шунингдек, мазкур соҳада банд бўлган аҳоли даромадларини оширишни қўшимча рағбатлантириш мақсадида:
1. Иссиқхона хўжаликларида маҳсулот етиштириш ва тайёр маҳсулотни ички ва ташқи бозорга йўналтиришнинг шундай янги механизми жорий этилсинки, унга мувофиқ Боғдорчилик ва иссиқхона хўжалигини ривожлантириш агентлиги:
• иссиқхона хўжаликларига уруғ, кўчат, минерал ўғит ва бошқа моддий ресурсларни етказиб бериш ва етиштирилган маҳсулотни улардан харид қилиш чораларини кўради;
• республикада фаолият юритаётган тажрибали ва малакали агроном, энтомолог, лаборатория мутахассисларини иссиқхона хўжаликларига шартнома асосида тавсия қилади;
• сертификатланган ва кафолатланган уруғ ва кўчатларни етиштириш бўйича махсус кўчатхоналарни ташкил этишга кўмаклашади;
• иссиқхона хўжаликлари билан ўзаро ҳамкорлик асосида кооперация фаолиятини йўлга қўйиш, етиштирилган маҳсулотни саралаш, қайта ишлаш, сақлаш, қадоқлаш ва экспорт қилишга кўмаклашади;
• Ўсимликлар карантини ва ҳимояси агентлиги билан биргаликда келишув асосида ҳудудий инспекторларни бириктиради ва ўсимликлар ҳимоясини ташкил этишбўйича хизматлар кўрсатилишини таъминлайди.
2. Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги, Марказий банк, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликларининг қуйидаги таклифлари маъқуллансин:
а) халқаро молия институтлари, мақсадли жамғармалар ҳамда Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси маблағлари ҳисобидан иссиқхона хўжаликлари ва музлаткичли омборхоналар учун ажратилган миллий ва хорижий валютадаги кредитларни қайтариш муддатларини умумий ҳисобда 14 йил этиб белгилаш ва имтиёзли даврини 3 йилдан 5 йилгача узайтириш (муддати ўтган асосий ва фоиз қарздорликларини кредит даврига мутаносиб равишда узайтириш). Бунда, Тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш давлат жамғармаси томонидан аввал тақдим қилинган кафиллик ва кредит фоизлари компенсациялари сақланиб қолади.
Мазкур имтиёзлар Иссиқхона хўжаликлари молиявий аҳволини соғломлаштириш ва ривожлантириш бўйича республика ишчи гуруҳининг ўрганиш натижаларига кўра шакллантирилган рўйхат асосида тақдим этилади;
б) иссиқхона хўжаликларини айланма маблағ (уруғлик, кўчат, ўғит, кимёвий воситалар, иссиқхона материалларини сотиб олиш ва иситиш харажатлари учун) билан таъминлаш учун тижорат банклари томонидан бир йил муддатга олти ойлик имтиёзли давр билан кредит ажратиш. Бунда:
• мазкур кредитлар Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 6 октябрдаги ПҚ–387-сон қарорида назарда тутилган тартибда ва шартларда Боғдорчилик ва иссиқхона хўжалигини ривожлантириш агентлигига ажратилган бюджет ссудаси ҳисобидан молиялаштирилади;
• иссиқхона хўжаликларида экспортбоп маҳсулот етиштиришга талаб этиладиган айланма маблағлар учун хорижий валютадаги банк кредитлари Экспортни рағбатлантириш агентлиги маблағлари ҳисобидан йиллик 4 фоиз ставкада (шундан, банк маржаси 2 фоиз) ажратилади. Бунда, кредит таъминоти сифатида “Ўзбекинвест” суғурта компанияси суғурта полиси қабул қилинади ва суғурта мукофоти харажатларининг 75 фоизи Экспортни рағбатлантириш агентлиги маблағлари ҳисобидан қоплаб берилади;
• ажратилган кредитларни қайтариш муддатлари иссиқхоналарда ҳосилни йиғиб олиш ва сотиш муддатларига мослаштирилади ҳамда кредитларни қайтариш графиклари шу асосида тасдиқланади;
в) иссиқхона хўжаликларига табиий газ бўйича тўловни ўз вақтида амалга оширмаганлик учун пеня суммаси 2022 йил 1 октябрдан 2023 йил 1 апрелгача, истисно тариқасида, ҳисобланмайди.
3. Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги Марказий банк ва тижорат банклари билан биргаликда 15 кун муддатда мазкур қарорнинг 2-бандида назарда тутилган миллий ва хорижий валютадаги кредитларнинг белгиланган тартибда қайта расмийлаштирилишини таъминласин.
4. Шундай тартиб ўрнатилсинки, унга кўра:
а) иссиқхона хўжаликлари учун тижорат банкларига кредит ва уларнинг фоизини қайтариш муддати қатъий равишда маҳсулотнинг пишиб-етилиши даврига мослаштирилади;
б) саноат типидаги замонавий иссиқхона ва логистика марказларини ташкил этиш учун яхлит майдонлар ягона (ҳудудда) “лот” билан очиқ аукцион савдоларига чиқарилади. Бунда, ажратиладиган майдонлар ҳажми ҳудуд шароитидан келиб чиқиб, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси ва вилоятлар ҳокимлари томонидан белгиланади.
5. 2022–2023 йилларда иссиқхона хўжаликларини муҳандислик-коммуникация тармоқлари (ичимлик ва оқова сув, электр энергияси ва ирригация тармоқлари) билан таъминлаш бўйича манзилли рўйхат 1-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
Молия вазирлиги, Энергетика вазирлиги, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Сув хўжалиги вазирлиги Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликлари билан биргаликда бир ой муддатда 2022–2023 йилларда республика бўйича фаолият кўрсатаётган ва янгидан ташкил этиладиган иссиқхоналар учун электр узатиш линияларини қуриш, ирригация ва мелиорация тармоқларини тортиш дастурини ҳамда ажратиладиган бюджет маблағлари параметрларини тасдиқласин. Бунда, ажратиладиган маблағлар кичик саноат зоналари учун назардатутилган бюджет маблағлари доирасида кўриб чиқилади.
6. Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳамда Ўзбекистоннинг хорижий давлатлардаги элчихоналари билан биргаликда:
• бир ой муддатда хусусий сектор иштирокида анъанавий йирик экспорт бозорлари ҳудудида мева-сабзавотларни сақлаш, саралаш ва қадоқлаш каби комплекс логистика имкониятларига эга бўлган савдо мажмуаларини ташкил этиш юзасидан таклифларни Вазирлар Маҳкамасига киритсин;
• ташқи бозорларда “олдиндан кутилмаган” ва носоғлом рақобат оқибатида юзага келадиган молиявий йўқотишларни, аввало экспортга юкланадиган маҳсулотлар бўйича хорижий ҳамкорлар билан тузиладиган узоқ муддатли савдо шартномалари орқали олдини олиш чораларини кўрсин;
• 2022 йил якунига қадар Япония, Корея Республикаси,Европа мамлакатларида янги экспорт бозорларини очиш юзасидан ҳукуматлараро келишувлар имзоланишини таъминласин.
7. Монополияга қарши курашиш қўмитаси ва Энергетика вазирлиги бир ой муддатда ҳудудлардаги иссиқлик электр станциялари ва марказларидан иссиқлик энергияси олиб фаолият юритадиган иссиқхоналарга энергия етказиб беришда “сунъий” воситачилар пайдо бўлиши ва нархларнинг асоссиз ўсишининг олдини олиш чораларини кўрсин.
8. Қишлоқ хўжалиги вазирлиги Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги билан биргаликда иссиқхоналарда етиштирилган маҳсулотларни бозорларга етказишни кенгайтириш мақсадида халқаро молия институтлари маблағлари ҳисобидан агрологистика лойиҳаларини амалга оширишда юк автомобилларини (совиткичли) харид қилишнимолиялаштириш чораларини кўрсин.
9. Иссиқхона хўжаликлари молиявий аҳволини соғломлаштириш ва ривожлантириш бўйича республика ишчи гуруҳининг таркиби (кейинги ўринларда – Республика ишчи гуруҳи) 2-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
Республика ишчи гуруҳи (А.Воитов):
• Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ҳокимликлари, тижорат банклари билан биргаликда ҳудудлардаги самарасиз иссиқхона хўжаликларини аниқлаб, эгалари билан келишган ҳолда уларнинг янги ташаббускорларга ўтказиб берилишини (олди-сотди, кредит бўйича банк олдидаги мажбуриятларни сотиб олиш ёки бошқа келишилган шартларда) ташкил этсин;
• икки ой муддатда ер участкасига бўлган эгалик ҳуқуқини расмийлаштиришда муаммоси бўлган иссиқхона хўжаликларини хатловдан ўтказиб, уларнинг ечими бўйича Қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ва ўрмон фонди ерларининг ер фонди тоифаларини ўзгартириш масалаларини кўриб чиқиш бўйича Ҳукумат комиссиясига таклиф киритсин;
• иссиқхона хўжаликлари молиявий аҳволини соғломлаштириш ва ривожлантириш бўйича доимий равишда таклифлар киритиб борсин.
10. Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси, Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги оммавий ахборот воситаларида иссиқхона хўжаликларида интенсив усулда маҳсулот етиштириш, уларни ички ва ташқи бозорларга йўналтириш бўйича ижобий тажрибаларни атрофлича ёритиб борсин.
11. Қишлоқ хўжалиги вазирлиги манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда икки ой муддатда қонунчилик ҳужжатларига ушбу қарордан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.
12. Мазкур қарорнинг ижросини самарали ташкил қилишга масъул
ва шахсий жавобгар этиб қишлоқ хўжалиги вазири А.Б. Воитов ва молия вазири Т.А. Ишметов белгилансин.
Қарор ижросини муҳокама қилиб бориш, унинг ижроси учун масъул идоралар фаолиятини мувофиқлаштириш ва назорат қилиш Бош вазир ўринбосарлари Ш.М.Ғаниев ва Ж.А.Ходжаев зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикаси Президенти
Шавкат Мирзиёев