Ғазодаги қурбонлар сони 9488 нафарга етди
Олам
−
04 Ноябрь 2023
3479Исроилнинг сўнгги 24 соат ичида блокададаги Ғазо секторига уюштирган ҳужумлари оқибатида қурбон бўлганлар сони 261 кишига кўпайиб, 9488 нафарга етди. Бу ҳақда Ғазо сектори Соғлиқни сақлаш вазирлиги расмий вакили Ашраф ал-Қудра маълум қилди.
Унга кўра, 7 октябрдан бери исроилликларнинг эксклавдаги ҳужумлари қурбонлари орасида 3900 нафар бола ва 2509 нафар аёл бор. Бундан ташқари, камида 24 минг ғазолик яраланган.
Ал-Қудранинг қайд этишича, Исроил ҳужумлари қурбонларининг 70 фоизи болалар, аёллар ва қариялардир.
Бундан ташқари, Соғлиқни сақлаш вазирлиги вакили Исроилнинг соғлиқни сақлаш тизимига ҳужумлари ҳақида хабар берди.
Унинг сўзларига кўра, айни дамда Исроил ҳужумлари оқибатида 150 нафар тиббиёт ходими ҳалок бўлган, 27 нафар тез ёрдам машинаси ишдан чиққан.
105 та тиббиёт муассасаси Исроил ҳужумлари нишонига олинган, 16 шифохона ва 32 тиббиёт маркази ёқилғи йўқлиги ёки бомбардимон туфайли хизмат кўрсатишни тўхтатган.
Бундан ташқари, Ғазо сектори Соғлиқни сақлаш вазирлиги вайрон бўлган бинолар вайроналари остида 2200 га яқин одам, жумладан 1250 нафар бола қолиши мумкинлигини маълум қилди.