Исроилда разведка маълумотларини очиқлашда гумонланганлар қўлга олинди
Олам
−
02 Ноябрь
2933Исроилда “яҳудий давлатининг Ғазо секторидаги ҳарбий мақсадларига эришишига тўсқинлик қилиши мумкин бўлган” разведка маълумотларини ошкор қилганликда гумон қилинганлар ҳибсга олинди. Бу ҳақда кеча, 1 ноябрь куни Ришон-ЛеЗион шаҳри суди материалларига таяниб, Исроилнинг “Haaretz” газетаси хабар берди.
Нашрнинг ёзишича, қўлга олинганлардан бири Исроил Бош вазири Биньямин Нетаньяху идорасига алоқадор ва у билан ҲАМАС гуруҳига қарши ҳарбий операция вақтида яқиндан ҳамкорлик қилган.
Американинг “Axios” нашри Исроил расмийларига таяниб, гап Нетаньяхунинг хавфсизлик масалалари бўйича муҳим учрашувларда қатнашган ва зарур текширувлардан ўтмасдан ўта махфий маълумотларга эга бўлган энг яқин ёрдамчиси ҳақида кетаётганига аниқлик киритади.
Нетаньяхунинг ўзи бу иш бўйича унинг идорасидан ҳеч ким сўроқ қилинмагани ёки ҳибсга олинмаганини айтди. Исроил Бош вазири бошқа давлат органининг қайси бири эканлигини очиқламай туриб, махфий маълумотларни ошкор қилишда айблади.
Бир неча ҳафта олдин Германиянинг “Bild” нашри Исроил разведкасининг ҲАМАСнинг собиқ етакчиси Яҳё Синвар муаллифи бўлган ҳужжат ҳақидаги махфий ҳисоботини чоп этди. Унда ҲАМАСнинг Исроил билан гаровга олинганларни озод қилиш ва ўт очишни тўхтатиш бўйича музокаралардаги стратегияси муҳокама қилинган. Ушбу стратегия гаровга олинганлар ўзларининг ҳибсдаги даҳшатли шароитларини тасвирлаб, озод этишни сўраган видеоларни нашр қилишни ўз ичига олади.
“Бу ни эълон қилишдан мақсад гаровга олинганларнинг яқинларига психологик босим ўтказиш ва пировардида Нетаньяху ҳукуматига нисбатан жамоатчилик босимини оширишдир”, дейилади хабарда.
Ҳужжатда ҲАМАСнинг бошқа мақсадлари ҳам кўрсатилган: Исроилнинг ҳарбий салоҳиятини йўқотиш ва мамлакатга халқаро босимни кучайтириш.
Ушбу “Bild” материали нашр этилгандан сўнг, Исроил Мудофаа кучлари Бош хавфсизлик хизмати “Шин Бет” (шунингдек, “Шабак” номи билан ҳам танилган) билан боғланиб, терговни бошлашни сўради.
Суд даъвосида айтилишича, маълумотларнинг сизиб чиқиши Исроил разведка манбаларини хавф остига қўйган. “Axios”нинг таъкидлашича, сизиб чиқиш “Исроилдаги жамоатчилик фикрига таъсир кўрсатиш ва Нетаньяхунинг ҲАМАС томонидан гаровга олинганларни озод қилиш ва Ғазо секторида ўт очишни тўхтатиш ҳақидаги келишув бўйича позицияни қўллаб-қувватлашга қаратилган”.
Бундан ташқари, нашрнинг фикрича, сизиб чиқиш можароси “Нетаньяху, ЦАХАЛ ва разведка хизматлари ўртасидаги ишончсизлик ва тарангликни янада кучайтиради”.
Эслатиб ўтамиз, олдинроқ Американинг CNN телеканали Исроил Бош вазири Биньямин Нетаньяху яҳудий давлатининг ҳарбий раҳбарияти сиёсий келишувга эришмоқчи эканини тобора ойдин билдираётганига қарамай, Ливан ва Ғазо секторидаги можароларни давом эттириш ниятида эканини хабар қилганди.
LiveБарчаси
04 Ноябрь