Исроилда фаластинлик маҳбусларни қатл этиш мажмуаси қурилмоқда (видео)

Олам

image

Исроилнинг миллий хавфсизлик вазири Итамар Бен-Гвир террорчиликда айбдор деб топилган фаластинликларни осиб ўлдириш учун қурилаётган махсус мажмуа акс этган видеони эълон қилди. Бу ҳақда “The Guardian” хабар берди.

Қайд этилишича, Бен-Гвир видеода қурилиш ишлари олиб борилаётган ҳудудни кўрсатиб, бу ерда “террорчилар қатл этилиши”ни айтган. Мажмуада қурбонлар оилалари қатл жараёнини кузатиши учун махсус томоша хоналари ҳам бўлиши режалаштирилган.

Мазкур мажмуа Исроил парламенти жорий йилнинг март ойида террорчилик жиноятлари учун ўлим жазосини жорий этувчи қонунни қабул қилганидан кейин қурилмоқда. Қонунга кўра, ҳарбий судларда террорчиликда айбдор деб топилган фаластинликларга ўлим жазоси берилиши мумкин.

Қонун танқидчиларнинг кескин норозилигига сабаб бўлган. Унга кўра, ўлим жазоси Исроил давлатининг мавжудлигини инкор этиш мақсадида қотиллик содир этган шахсларга нисбатан қўлланади. Шу сабабли яҳудий экстремистлари амалда ушбу қонун доирасидан ташқарида қолади.

Бен-Гвир эса янги мажмуа қурилишини ўзининг аввалги ваъдалари бажарилаётганининг белгиси сифатида баҳолаган. У террорчиликда айбланган маҳбуслар учун қамоқхоналардаги шароитларни ҳам кескинлаштириш тарафдори бўлиб келган.

Мазкур қонун инсон ҳуқуқлари ташкилотлари томонидан ҳам қораланган. Amnesty International уни фаластинликларга нисбатан камситувчи деб баҳолаган ва қонун адолатли судлов ҳамда инсон ҳаётини ҳимоя қилиш бўйича кафолатларга таҳдид солишини билдирган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Исроилнинг ўнгчи Миллий хавфсизлик вазири Итамар Бен-Гвир мамлакатнинг Негев қамоқхонасида сақланаётган фаластинлик маҳбусларнинг кийимлари ва Қуръон китоби нусхаларини мусодара қилишни буюрганди.


Мақола муаллифи

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг