“Исроил ёнмоқда”. 25 ҳафтадан бери норозилик намойишлари давом этмоқда 

Олам

image

Исроилда 25 ҳафтадан бери ҳукумат режалаштираётган суд-ҳуқуқ ислоҳотига қарши намойишлар давом этмоқда. Кеча, 24 июнь куни ўн минглаб намойишчилар “Исроил ёнмоқда” шиорлари ёзилган баннерларни кўтариб, Тель-Авив марказидан яна юриш қилди. Бу ҳақда AFP агентлиги хабар берди.

Айтилишича, Исроил Бош вазири Беньямин Нетаньяху 18 июнь куни баҳсли суд-ҳуқуқ ислоҳотини амалга ошириш учун “амалий қадамлар”га ўтишга ваъда берган. Шу билан бирга у собиқ бош вазир Яир Лапид ва собиқ мудофаа вазири Бени Ганц вакили бўлган мухолифатни Исроил Президенти Ицхак Герцог воситачилигидаги музокараларни чўзаётганликда айблаган.

Нетаньяху ислоҳот “суд тизимини ўзгартириш бўйича олган мандатига” мувофиқ амалга оширилишини айтиб, унинг Ликуд партияси 2022 йил ноябрида бўлиб ўтган Кнессетга (Исроил парламенти) навбатдан ташқари сайловларда ғалаба қозонганини эслатиб ўтган. Айни пайтда, Яир Лапид бу қарор "иқтисодга ҳалокатли зарба беради, хавфсизликни хавф остига қўяди ва Исроил халқини парчалайди" деб огоҳлантирган.

Нетаняхунинг мухолифат билан музокаралари муросага олиб келмаган.

Маълумот учун, жорий йилнинг 20 февраль куни Исроил парламенти суд-ҳуқуқ ислоҳоти тўғрисидаги қонун лойиҳасини биринчи ўқишда маъқуллаган. Март ойида Нетаньяху давом этаётган норозилик намойишлари ва эълон қилинган "Миллий фалаж ҳафтаси" иш ташлаши фонида қонун лойиҳасининг иккинчи ва учинчи ўқишини кечиктиришга рози бўлган ва мухолифат билан музокарага киришган.

Бироқ сўнгги бир неча ой давомида бу музокаралар муросага олиб келмаган. 14 июнь куни мухолифат вакиллари фақат судьяларни танлаш қўмитаси таркиби аниқлангач, муҳокамаларни давом эттиришларини маълум қилган. Экспертлар эса судьяларнинг тайинланиши ўнг қанот диний-консерватив ҳукумат томонидан илгари сурилаётган ислоҳотларнинг асосий масаласи, деб ҳисоблайди.

Танқидчиларнинг айтишича, Нетаняху коалицияси сиёсатга ҳаддан ташқари аралашишда айблаётган мамлакат Олий суди ваколатларини атайлаб заифлаштиришни мақсад қилган. Ҳукуматга судьяларни тайинлашда кўпроқ ваколат берилиши, парламент эса Олий суд қарорларини оддий кўпчилик овоз билан бекор қилиши керак. Ташаббус мухолифлари бу чорани Исроил демократияси учун хавфли деб ҳисоблаб, миллий инқироз ҳақида огоҳлантирмоқда.


Мақола муаллифи

Теглар

намойиш Исроил Нетаньяху Тель-Авив

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг