Хотиржам бўлишга асос йуқ – ССВда коронавирус хавфи бўйича йиғилиш ўтказилди
Жамият
−
28 Февраль 2020
8778Дунё бўйлаб коронавирусга чалинганлар 83368 нафарга етди. Мазкур хасталик сабаб вафот этганлар эса айни вақтда 2858 нафарни ташкил этмоқда. 36486 киши хасталикдан буткул фориғ бўлган. Ҳозиргача Хитойдан ташқари ушбу инфекция 37 та давлатда аниқланди. Дунёда эпидемик вазият кун сайин ўзгариб, касаллик шиддат билан бошқа давлатларга ҳам тез тарқалмоқда.
Соғлиқни сақлаш вазирлигида янги турдаги коронавирус инфекцияси бўйича эпидемик вазият ва касаллик тарқалишининг олдини олиш чора-тадбирларига бағишланган видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтди Унда Соғлиқни сақлаш вазири Алишер Шодмонов иштирок этди.
Йиғилишда мураккаб эпидемик вазиятдан келиб чиқиб, Ўзбекистонда бу борада олиб борилаётган чора тадбирлар, жумладан, Президентнинг шу йил 29 январдаги “Ўзбекистон Республикасига коронавируснинг янги тури кириб келиши ва тарқалишининг олдини олиш юзасидан чора-тадбирлар дастурини тайёрлаш бўйича Республика махсус комиссиясини ташкил этиш тўғрисида”ги Фармойишида кўзда тутилган вазифалар таҳлил қилинди. Коронавирус инфекциясини олдини олиш бўйича профилактик ва эпидемияга қарши кураш тадбирлари бўйича мавжуд масала ва амалга оширилиши долзарб бўлган вазифалар муҳокама қилинди.
Айни пайтда мамлакатга юқумли касалликлар, жумладан, COVID19 инфекциясини кириб келишини олдини олиш мақсадида, давлат чегараларида 53 та санитария-карантин пунктлари фаолият кўрсатмоқда. Бугунги кунда ушбу СКПларида бошқа тармоқ ходимлари қаторида 250 нафардан зиёд юқори малакали санитария-эпидемиология хизмати масъуллари белгиланган стандартлар бўйича иш олиб бормоқда. Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва Санитария-эпидемиологик осойишталиги агентлиги ҳузурида узлуксиз 24 соат давомида фаолият кўрсатувчи штаб ташкил қилинган.
Маълумотларга қараганда, шу йилнинг 15 январидан – 26 февралигача бўлган муддатда Хитой Халқ Республикасидан келган 5 022 нафар фуқаро рўйхатга олинган бўлиб, уларнинг 14 кунлик тиббий кузатув даври якунланган. Ҳозиргача мамлакатда коронавирус инфекцияси билан касалланиш ҳолати қайд этилмаган.
“Аммо бундан хотиржам бўлишга асос йуқ”, дейилган селекторда. Мамлакатдаги барча ҳаво ва темир йўлларда ташкил қилинган санитария-карантин пунктлари, ҳудудларда тузилган штаблар фаолиятини бугунги кун талабидан келиб чиқиб, қайта кўриб чиқиш, меҳмонхоналар ва корхоналар, маҳалла, ички ишлар органлари билан мустаҳкам ҳамкорликни йўлга қўйиш ва уларга давлат томонидан қўйилаётган талаб, тавсияларни ўз вақтида етказиш, тиббий-патронаж хизматини янада яхшилаш юзасидан масъулларга аниқ топшириқ ва кўрсатмалар берилди.
Айниқса, эпидемия кенг тарқалган мамлакатлардан келган ҳар бир фуқарони тўлиқ 14 кунлик тиббий кузатувга олиш, бирламчи тиббиёт муассасаларининг врач ва патронаж ҳамширалари томонидан грипп, ЎРИ ва ўткир пневмония касалликларини эрта аниқлаш ишларини тизимли ташкил этиш бўйича вазифалар яна бир бор қатъий кўрсатиб ўтилди. Шу билан бирга, хориждан келган фуқаролар орасида тана ҳарорати кўтарилган беморлар аниқланганда, уларни барчасини коронавирус касаллигига махсус лаборатория текширувидан ўтказишга, шунингдек, касалликнинг тарқалишини олдини олиш ва изоляция қилиш мақсадида, оилавий поликлиника шифокорлари томонидан ҳарорати юқори бўлган беморларни уйида тиббий ёрдам кўрсатилишига алоҳида эътибор қаратилиши таъкидлаб ўтилди.