Соғлиқни сақлаш вазири мурожаат билан чиқди
Жамият
−
11:10 4257 3 дақиқа
Соғлиқни сақлаш вазири Элдор Одилов коррупциянинг олдини олиш бўйича жамоатчиликка мурожаат йўллади. Бу ҳақда вазирлик матбуот хизмати хабар берди.
Мурожаатда қайд этилишича, коррупция – мамлакат тараққиётига тўсиқ бўлувчи жиддий таҳдид ҳисобланиб, бу иллатнинг олдини олиш, унинг ҳар қандай кўринишига қарши кескин ва муросасиз курашиш мақсадида Янги Ўзбекистонда турли бюрократик тўсиқларга барҳам берилиб, давлат бошқарувида очиқлик ва шаффофликни таъминлашга қаратилган ислоҳотлар амалга оширилмоқда.
Президент ўтган йили Олий Мажлис ва ўзбек халқига Мурожаатномасида коррупцияни жамиятда ишонч муҳитини издан чиқарадиган жиддий таҳдид дея таърифлаб, унга қарши “фавқулодда ҳолат” эълон қилган эди. Вазирнинг билдиришича, мазкур стратегик сиёсатни амалга ошириш мақсадида Президентнинг 2026 йил 5 майдаги тегишли фармонига мувофиқ, вазирлик тузилмаси қайта ташкил этилмоқда.
Шунингдек, соҳада коррупциявий рискларни эрта аниқлаш, уларга чек қўйиш ва бюджет маблағлари мақсадсиз сарфланишининг олдини олиш мақсадида шу йилнинг ўтган беш ойи давомида вазирлик тизимидаги ташкилотларда masofaviyaudit.uz автоматлаштирилган ахборот тизими орқали жами 979 та ҳолатда 514,9 млрд сўмлик молиявий хато-камчиликлар эрта аниқланиб, бартараф этилган.
Бундан ташқари, туғуруқ муассасаларида ҳомиладорлар ва уларнинг яқинларидан “суюнчи” пули ёки кесарча кесиш амалиёти учун ноқонуний ҳақ талаб қилиш ҳолатларининг олдини олиш мақсадида барча тиббиёт ташкилотлари, жумладан, туғуруқ комплексларида “Сирли мижоз” тадбирларини ўтказиш йўлга қўйилган.
Маълум қилинишича, Коррупцияга қарши курашиш агентлигининг Очиқлик индексида Соғлиқни сақлаш вазирлиги 87,2 балл билан 97 та ташкилот орасида 60 поғона юқорилаб, илк бор “сариқ” даражадан “яшил” даражага кўтарилган.
“Маълумки, коррупция бор жойда одамларнинг давлатга ишончи йўқолади. Ишонч йўқ жойда эса на ислоҳот самара беради, на адолат қарор топади”, дейди Одилов мурожаатида.
Унинг сўзларига кўра, вазирликда бошланган кадрларни янгилаш сиёсати доирасида келгусида ҳудудий соғлиқни сақлаш бошқармалари, туман (шаҳар) тиббиёт бирлашмалари, умуман, барча даволаш-профилактика муассасаларини қамраб олиш кўзда тутилган. Бу борада аҳолидан келиб тушаётган эътироз ва шикоятлар асосий мезон бўлиб хизмат қилади.
Қолаверса, 2026 йил 1 июлдан бошлаб “Рақамли комплаенс” ахборот дастурий комплекси синов режимида ишга туширилади ҳамда коррупцияга қарши ички назорат бўлинмалари фаолияти “E-Komplaens” электрон модули орқали тўлиқ рақамлаштирилади. Шу билан бирга, сунъий интеллект технологияларини жорий этиш орқали коррупсиявий хавфларни барвақт аниқлаш ва уларнинг олдини олишга қаратилган самарали ечимлар ишлаб чиқилади.
Элдор Одилов ўз мурожаатида фуқаролардан тизим ташкилотлари, ҳудудий бошқармалар, тиббиёт муассасалари ёки уларнинг мансабдор шахслари ва ходимларининг коррупциявий хатти-ҳаракатлари, манфаатлар тўқнашуви ҳолатлари, бюрократик тўсиқлар, ноқонуний тўловлар талаб қилиниши ёки бошқа ҳуқуқбузарликлар бўйича маълумотга эга бўлса, вазирликнинг “1203” қисқа рақамли “Ишонч телефони” ёки info@ssv.uz электрон почта манзили орқали хабар беришини сўраган.
“Ҳар бир мурожаат белгиланган тартибда, тезкор равишда кўриб чиқилади. Мурожаатчиларнинг шахси ва тақдим этилган маълумотларнинг махфийлиги кафолатланади ҳамда аниқланган ҳолатлар бўйича тегишли чоралар кўрилади. Ишонаманки, биргаликда Янги Ўзбекистон тиббиётини коррупциядан холи, адолатли ва шаффоф тизимга айлантирамиз”, деган Соғлиқни сақлаш вазири.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Соғлиқни сақлаш вазирлиги раҳбарияти деярли тўлиқ таркибда алмаштирилгани ҳақида хабар берилган эди. Хусусан, Асилбек Анварович Худаяров Соғлиқни сақлаш вазири лавозимидан озод этилди. Унинг ўрнини Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси Ҳуқуқий экспертиза ва комплекс таҳлил қилиш департаменти шўба мудири лавозимида ишлаётган Элдор Одилов эгаллаганди.
Шунингдек, Президентнинг 5 май куни имзоланган “Соғлиқни сақлаш тизимида бошқарув самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони билан Ўзбекистонда Соғлиқни сақлаш вазирлиги тизимидаги ходимларнинг лавозимига лойиқлиги баҳоланиши белгиланди.
Live
Барчаси