Исроил ўт очишда тўрт соатлик танаффус эълон қилди
Олам
−
13 Ноябрь 2023
3856Исроил мудофаа кучлари гуманитар мақсадларда Ғазо сектори жанубидаги Миср билан чегарадош Рафаҳ шаҳрида жанговар ҳаракатларни тўрт соатга тўхтатди. Бу ҳақда Исроил армияси матбуот котиби Авихай Эдри маълум қилди.
“Бугун биз Рафаҳ шаҳрида кундузи соат 10:00 дан 14:00 гача (Тошкент вақти билан 13:00 дан 17:00 гача) гуманитар мақсадларда Рафаҳ шаҳрида ҳарбий ҳаракатларни тактик жиҳатдан тўхтатамиз”, деб ёзди у араб тилида Х (собиқ Twitter) ижтимоий тармоғида.
Эдри, шунингдек, Ғазо секторининг шимолий ҳудудлари аҳолисини эвакуация қилиш учун гуманитар йўлак яна маҳаллий вақт билан соат 9:00 дан 16:00 гача ишлашини айтди. Маршрут Ал-Шифа шифохонасидан Салоҳ эд-Дин йўли бўйлаб анклав жанубига боради. Бундан ташқари, Исроил ҳарбийлари Эш-Шати фаластинлик қочқинлар лагери аҳолисига маҳаллий вақт билан соат 10:00 дан 16:00 гача чиқиб кетишга рухсат беради, ЦАХАЛ вакилининг сўзларига кўра, Исроил армияси тўлиқ назоратни ўрнатган.
Якшанба куни Эдри, шунингдек, Исроил Ғазо секторидаги Жебалия қочқинлар лагери ҳудудида озиқ-овқат етказиб бериш ва аҳолини эвакуация қилиш учун гуманитар мақсадларда ҳарбий амалиётларни вақтинча тўхтатаётганини айтди.
У Ғазо секторининг шимолий ҳудудлари аҳолисини эвакуация қилиш учун 12 ноябрь куни маҳаллий вақт билан соат 9:00 дан 16:00 гача Ал-Шифа шифохонасидан Салоҳ Эд-Дин йўли бўйлаб анклав жанубига ўтиш учун гуманитар йўлак очилганини билдирди.
Бироқ ўша куннинг ўзида Исроил учувчисиз учоқлари Ал-Шифа тиббиёт мажмуасининг ички қисмини кучли ўққа тутгани ҳақида хабарлар пайдо бўлди. Фаластин ҳукумати матбуот хизматининг хабар беришича, оқибатда бир неча киши жароҳатланган ва шифохона биносидан қочишга уринган бир оила Исроил ўйлари остида ҳалок бўлган.