Исроил туфайли Ғазода 21 минг бола ногирон бўлиб қолди – БМТ
Олам
−
04 Сентябрь 2752 2 дақиқа
2023 йилнинг 7 октябридан бери Исроилнинг ҳарбий ҳаракатлари оқибатида Ғазода камида 21 минг бола ногирон бўлиб қолди. Бу ҳақдаги маълумотлар БМТнинг Ногиронлар ҳуқуқлари бўйича қўмитаси экспертлари томонидан маълум қилинди.
Қўмита аъзоларининг тақдим этган маълумотларига кўра, 2023 йилнинг 7 октябридан 2025 йилнинг 21 августига қадар Ғазонинг 157 мингдан ортиқ аҳолиси жароҳатланган. Уларнинг 25 фоизи умр бўйи ногирон бўлиб қолиш хавфи остида.
Маълумот учун, 2023 йилнинг 7 октябрь куни ҲАМАС тарафдорлари Ғазо секторидан Исроил ҳудудига кирганидан кейин Яқин Шарқдаги вазият кескинлашган эди. Чунки ўшанда ҲАМАС Ғазо-Исроил чегараси ҳудудидаги аҳолини ўлдириб, 250 дан ортиқ кишини гаровга олганди.
Бунга жавобан Исроил анклавда ҲАМАСнинг ҳарбий ва сиёсий тузилмаларини йўқ қилиш ва ўғирлаб кетилган одамларни қайтариш учун ҳарбий операция бошлади.
Ғазо Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотларига кўра, ҳарбий амалиётлар оқибатида 63 мингдан ортиқ фаластинлик ҳалок бўлган, 161 мингдан ортиқ киши жароҳатланган. Бундан ташқари, 367 нафар маҳаллий аҳоли, жумладан, 131 нафар бола очликдан вафот этган.
18 нафар мустақил экспертдан иборат БМТнинг Ногиронлар ҳуқуқлари бўйича қўмитаси келишув асосида иш олиб борувчи орган ҳисобланади.
У “Ногиронлар ҳуқуқлари тўғриси”даги конвенциянинг иштирокчи-давлатлар томонидан бажарилишини назорат қилади. 2025 йил сентябрь ҳолатига кўра, конвенцияни 193 давлат ратификация қилган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Халқаро геноцид тадқиқотчилари ассоциацияси олимлари Исроилнинг Ғазо секторидаги ҳаракатлари “геноцид” мезонларига мос келишини маълум қилганди. Бу ҳаракат 63 мингдан ортиқ одам вафот этгандан кейингина амалга оширилди.