Исроил тарихидаги энг йирик норозилик намойиши бўлиб ўтди (фотогалерея)

Олам

image

Кеча, 11 март куни Исроил бўйлаб мамлакат Бош вазири Биньяминь Нетаньяху ҳукумати сиёсатига ва унинг таклиф этаётган суд ислоҳотига қарши оммавий намойишлар бўлиб ўтди. Бу ҳақда “The Times of Israel” нашри хабар берди.

Ҳисоб-китобларга кўра, мухолифат кайфияти кучли бўлган Тель-Авивдаги энг йирик митингда 240 мингга яқин одам қатнашган. Исроилнинг юзлаб шаҳарларида, жумладан, Қуддусдаги Президент қароргоҳи олдида 20 минг кишилик митинг бўлиб ўтган.

"Бу Исроил давлати тарихидаги энг йирик норозилик оқшомидир", дейди митинглар ташкилотчилари.

Қайд этилишича, намойишларда жами 500 минг иштирокчи қатнашган.

Эслатиб ўтамиз, 2022 йил 1 ноябрь куни бўлиб ўтган сайловда собиқ Бош вазир Биньямин Нетаньяхунинг “Ликуд” партияси 120 ўринли парламентда 32 та ўринни эгаллаган ҳолда, биринчиликни қўлга киритди. Бир ярим йилдан сўнг бош вазирлик лавозимига қайтган Нетаньяху Вазирлар Маҳкамасининг 33 аъзосини оммага таништирди.

Бу Исроил тарихидаги ўнг қанот ҳукумати бўлиб, биринчи марта унинг таркибига ўнг қанот экстремистлари ва жиноий жавобгарликка эга одамлар кирди.

Исроилдаги намойишлар

Ўтган йил охирида қасамёд қилган Биньяминь Нетаньяху кабинетига қарши мухолифатнинг оммавий намойишлари Исроилда январь ойи бошидан бери давом этмоқда.

Норозиликларга янги ҳукумат томонидан таклиф этилган суд-ҳуқуқ ислоҳоти лойиҳаси, хусусан, Олий суд ваколатларини чеклаш ва судьяларни танлаш устидан Вазирлар Маҳкамасига назоратни беришни назарда тутувчи лойиҳа сабаб бўлди.

Мухолифат фикрича, бу ислоҳот давлатнинг демократик асосларига путур етказади.

Нетаньяхунинг таъкидлашича, унинг ҳукумати демократик сайловлар натижасида тузилган ва мухолифатнинг қарама-қарши риторикасига қарамай, кўпчилик сайловчилар овоз берган дастурни амалга оширади.


Мақола муаллифи

Теглар

намойиш Исроил Биньяминь Нетаньяху

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг