Исроил Президенти Алиевнинг “қаноти остида” Туркия осмонини кесиб ўтди. Анқара бундан бехабар
Олам
−
15 Октябрь 2683 3 дақиқа
Кеча, 14 октябрь куни Исроил Президенти Ицхак Герцог Осиёда ҳамкорлик ва ишонч чоралари бўйича кенгашнинг еттинчи саммитида иштирок этиш учун Бакуга борди. Унинг Озарбайжон ҳаво йўлларига (AZAL) тегишли мунтазам йўловчи самолёти орқали Туркия ҳаво ҳудудидан фойдаланиб, Озарбайжонга етиб олгани маълум бўлди. Бу ҳақда “Haber7” хабар берди.
Нашрнинг ёзишича, Туркия 2024 йилдан бери Исроил ҳукуматига тегишли самолётларнинг ўз ҳаво ҳудудидан ўтишига рухсат бермаётган бўлса-да, хорижий авиакомпанияларнинг фуқаролик рейсларига нисбатан бундай чекловни қўлламайди. Герцогнинг Бакуга сафарида ҳам айнан ушбу фарқ устунлик қилган. “Flightradar24” платформасидаги очиқ манбали парвозларни кузатиш маълумотларига кўра, Герцог AZAL’нинг J222 рейси билан сафар қилган.
Тель-Авивдан маҳаллий вақт билан соат 11:35 да ҳавога кўтарилган самолёт Туркия ҳаво ҳудудидан фойдаланган ҳолда соат 15:40 да Бакуга қўнган. Парвоз ёзувларидан ташқари, Бакудаги кутиб олиш маросимидан улашилган фото ва видеолар ҳам Герцогнинг Озарбайжон ҳаво йўлларига тегишли Boeing 787-8 Dreamliner самолётида шаҳарга етиб борганини тасдиқловчи маълумотлар қаторидан жой олган.

Самолётнинг қўниш вақти билан Герцогнинг матбуот хизмати томонидан улашилган расмий эълон вақти ҳам бир-бирига мос келади. Сафарнинг яна бир эътиборли жиҳати, фойдаланилган самолётнинг номи бўлди. Исроил Президентини олиб учган Boeing 787-8 Dreamliner “Шуша” деб номланган.
Туркия нашрларининг ёзишича, Герцогнинг Туркия ҳаво ҳудуди орқали ўтган мунтазам рейс билан саёҳат қилиши ортидан нигоҳлар Исроил Президенти канцеляриясига қаратилмоқда. Герцог офисининг вакили парвоз тафсилотларига оид саволларга “Ушбу босқичда изоҳ бера олмайман”, деб жавоб қайтарган.
“Haber7”нинг ёзишича, Герцогнинг Озарбайжонга сафаридаги ушбу воқеа ўтмишда юз берган шунга ўхшаш ҳодисани ёдга солади.
Хусусан, Туркия 2024 йилда Исроил Президенти самолётининг Туркия ҳаво ҳудудидан фойдаланишига рухсат бермаган. Шундан сўнг, Герцог Озарбайжонга режалаштирилган ташрифини бекор қилишга мажбур бўлган.
Апрель ойида Қозоғистонга амалга оширилган расмий ташриф чоғида ҳам шунга ўхшаш вазият юз берган. Герцогнинг самолёти Туркия ҳаво ҳудудидан фойдалана олмагани сабабли Европа ва Россия орқали айланиб ўтадиган муқобил йўналишни танлаган. Саёҳат тахминан саккиз соат давом этган.
Исроил Президентининг Бакуга сўнгги ташрифида ҳам Греция Болгария ва Қора денгиз орқали ўтадиган узунроқ йўналишни танлаши мумкин бўлган. Бироқ Қора денгизда кемаларга қилинган ҳужумларнинг давом этаётгани ушбу йўналишнинг хавфсизлиги бўйича хавотир уйғотгани сабабли делегация мунтазам йўловчи самолётида учишни танлаган.
Герцогнинг AZAL самолёти билан Туркия ҳаво ҳудудидан ўтиши ортидан Анқаранинг бу саёҳатдан хабари бор-йўқлиги қизиқиш уйғотмоқда. Вазиятдан хабардор туркиялик мулозимнинг “MEE” нашрига айтишича, Озарбайжон ушбу парвоздаги бортда Исроил Президенти ҳам борлиги ҳақида Туркияга ҳеч қандай маълумот бермаган.
Мулозим Туркиянинг Исроил самолётларига нисбатан ҳаво ҳудуди тақиқини давом эттираётганини, Исроил томони ҳам Анқаранинг позицияси сабабли эндиликда учиб ўтишга рухсат сўрамаётганини билдирган.
Мулозим Герцогнинг самолётда экани ҳақида олдиндан маълумот берилмагани борасида:
“Табиийки, Туркия ўз ҳаво ҳудудидан ўтаётган ҳар бир йўловчи самолётининг йўловчилар рўйхатини ололмайди”, дея қўшимча қилган.
Маълумот учун, Туркия Исроилнинг ҳукумат ва ҳарбий самолётлари учун ўз ҳаво ҳудудини 2024 йилда расман ёпган. Бунга Ғазо секторидаги уруш ва гуманитар инқироз сабаб бўлган. Чеклов, биринчи навбатда, Исроилнинг давлат раҳбарлари, ҳукумат аъзолари (масалан, “Кнаф-Цион” / “Сион қаноти” номли расмий самолёт) ва ҳарбий авиацияси учун амал қилади.
Live
БарчасиЖиззахда 10 ёшли қиз зўрланди
06 Октябрь
Сергелидаги масжидга ўт кетди
03 Октябрь