Исроил Халқаро судда Мисрни Ғазога ёрдам етказишга тўсқинлик қилишда айблади

Олам

апр

Исроил Гаагадаги Халқаро суднинг йиғилишида Мисрни Ғазо секторига инсонпарварлик ёрдами келишига тўсқинлик қилишда айблади. Расмий Қоҳира ўзига қарши айбловларни ёлғон деб атади. Бу борада давлат ахборот хизмати раҳбари Дия Рашван баёнот берди.

“Қоҳира Исроил томонининг Фаластин анклавидаги аҳолига гуманитар ёрдам етказилишидаги узилишлар ва тўсиқлар учун Миср жавобгар экани ҳақидаги ёлғон айбловларини қатъиян рад этади”, дейди Рашван. 

Унинг сўзларига кўра, Исроил судда Ғазода содир этилган жиноятларга оид ҳужжатли далиллар тақдим этилганда, қоралашдан қочиш учун бу айбловларни Мисрга юклаган.

Рашваннинг тушунтиришича, исроиллик вазирлар аввалроқ очиқчасига инсонпарварлик ёрдамининг ҳудудга киришига йўл қўймасликларини билдирган, чунки бу “Исроил Ғазога қарши олиб бораётган урушнинг бир қисми”, деб даъво қилган. 

"Мисрнинг суверенитети кўплаб гуманитар юклар етказиладиган Рафаҳ ўтиш жойининг фақат ўз тарафига тегишли, Ғазо томонида эса Рафаҳ ўтиш жойи ишғолчи Исроил ҳукумати бошқаруви остида", дейилади баёнотда.

Расмийнинг таъкидлашича, Миср томонидаги Рафаҳ назорат пункти "доимий асосда очиқ", буни Ғазодаги вазият кескинлашганидан кейин Рафаҳга ташриф буюрган ўнлаб делегациялар ва кўплаб халқаро ташкилотлар вакиллари, жумладан, БМТ Бош котиби ҳам тасдиқлаши мумкин.

Маълумот ўрнида, Жанубий Африка 2023 йил 29 декабрда Гаагадаги Халқаро судга “Геноцид жиноятининг олдини олиш ва жазолаш тўғрисида”ги конвенцияни бузгани учун Исроилга қарши даъво аризаси билан мурожаат қилди. Ҳужжатда таъкидланишича, Исроил расмийларининг хатти-ҳаракатлари геноцид сифатида тавсифланиши мумкин, чунки ушбу қирғин “Ғазодаги фаластинликларни Фаластин миллий, ирқий ва этник гуруҳининг бир қисми сифатида йўқ қилиш” мақсадида амалга оширилмоқда. Бундай ҳолда, Жанубий Африка томони суддан Исроил конвенция бўйича ўз мажбуриятларини бузаётганлиги ва Ғазо секторидаги барча ҳарбий ҳаракатларни тўхтатиб, товон тўлаши кераклиги ҳақида ҳукм чиқаришини сўраяпти.

Ишнинг моҳиятини кўриб чиқиш кейинроқ бошланади ва камида бир неча йил давом этиши кутилмоқда. 11-12 январь кунлари тингловлар бўлиб ўтди. Унда дастлаб Жанубий Африка, эртаси куни эса Исроилнинг позицияси тингланди. 

Жанубий Африка вакилларининг сўзларига кўра, фаластинликлар ҳуқуқларини “бундан кейин ҳам жиддий ва тузатиб бўлмайдиган” бузилишидан ҳимоя қилишга қаратилган профилактик чора-тадбирлар муҳим аҳамиятга эга. Даъвогар томоннинг адвокатлари ўз чиқишлари давомида Исроил Фаластинга нисбатан апартеид сиёсатини олиб бораётганини, Ғазо секторидаги ҳарбий амалиёт эса геноцид эканини таъкидлади. Улар суддан Исроилдан Ғазо секторидаги ҳарбий амалиётини тўхтатиш ва Фаластин халқига қарши геноциднинг олдини олиш чораларини кўришни талаб қилди. 

Ўз навбатида, Исроил БМТ Халқаро судидан Жанубий Африканинг даъвосини рад этишни сўради. Делегация матбуот котиби Тал Беккернинг сўзларига кўра, бу Исроилни халқаро қонунчиликка кўра ўзини мисли кўрилмаган террор ҳужумидан ҳимоя қилиш ҳуқуқидан маҳрум этишга қаратилган.

Беккер Исроилнинг Ғазо секторидаги ҳарбий амалиётидан мақсад Фаластин халқини йўқ қилиш эмас, балки ўз халқини ҳимоя қилиш эканини даъво қилди.

“Бу ерда геноцид атамасининг асосий таркибий қисми – халқни йўқ қилиш нияти бутунлай йўқ”, дейди Исроил вакили.

Тингловларда Исроил томонида иштирок этаётган британиялик адвокат Малколм Шоу ҳам Исроилнинг Ғазо секторини доимий равишда босиб олиш ва у ердан одамларни кўчириш мақсади йўқлигини таъкидлади.

“Исроил Фаластин аҳолисига эмас, ҲАМАС террор ташкилотига қарши курашмоқда ва буни халқаро қонунларга мувофиқ амалга оширмоқда”, дейди Шоу.

Суднинг профилактика чоралари ҳақидаги ҳукми бир неча ҳафта ичида эълон қилиниши кутилмоқда. Суд қарорлари мажбурийдир, аммо судда уларни ижро этиш механизмлари мавжуд эмас.


Мақола муаллифи

Теглар

Миср Исроил ЖАР Халқаро суд

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг