Исроил кемасига Эрон учувчисиз самолёти ҳужум қилди

Олам

image

Ҳинд океанида исроиллик миллиардерга тегишли контейнер кемасига Эроннинг учувчисиз самолёти ҳужум қилди. Бу ҳақда аноним шартлар асосида гапирган АҚШ Мудофаа вазирлиги вакилига таяниб, “Associated Press” агентлиги хабар берди

Пентагон расмийсига кўра, Ҳинд океанининг халқаро сувларида Мальта байроғи остида сузиб кетаётган кемага Эронда ишлаб чиқарилган Shahed 136 типидаги учувчисиз самолёт ҳужум қилган.

“Дрон портлаб, кемага зарар етказди, бироқ экипаж аъзоларидан ҳеч ким жабрланмади. Биз вазиятни диққат билан кузатишда давом этамиз”, деган АҚШ расмийси.

Бироқ у АҚШ ҳарбийлари ҳужум ортида Эрон турганини баҳолаш учун қандай разведка маълумотларини тўплагани ҳақида батафсил маълумот беришдан бош тортган.

Маълумот учун, ҳужумга учраган CMA CGM Symi номли кема исроиллик миллиардер Идан Офер томонидан бошқариладиган Сингапурдаги Eastern Pacific Shipping компаниясига тегишли.

Эслатиб ўтамиз, 19 ноябрь куни Эронга алоқадор деб кўриладиган Ямандаги ҳусийлар Қизил денгизда Исроил кемаларига ҳужум қилиш билан таҳдид қилганди. Кейинроқ улар Адан кўрфази сувларида бортида 22 экипаж аъзоси бўлган “Galaxy Leader” юк кемасини қўлга олганди.


Мақола муаллифи

Теглар

АҚШ Эрон кема Исроил

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг