Исроил Ғазога электр етказиб беришни тўхтатди

Олам

image

Гуманитар ёрдам етказиб бериш тўхтатилганидан сўнг Исроил Ғазо секторига электр энергияси етказиб беришни ҳам тўхтатди. Бу ҳақда кеча, 9 март куни Исроил Энергетика вазири Эли Коэн маълум қилди.

“Биз барча гаровга олинганларни қайтариш ва ҲАМАС Ғазо секторида энди йўқлигини таъминлаш учун қўлимиздан келган барча имкониятлардан фойдаланамиз”, дейди Коэн.

Ўз навбатида, ҲАМАС вакили Исроил ҳукуматини ўт очишни тўхтатишнинг иккинчи босқичи бўйича музокаралар фонида “арзон ва қабул қилиб бўлмайдиган шантаж тактикаси”да айблади.

ҲАМАС ва Исроил ўртасида халқаро воситачилар кўмагида тузилган келишувнинг 1 март куни якунига етган биринчи босқичида ҲАМАС гаровга олинган 33 кишини Исроилга топширган, улардан саккиз нафари ҳалок бўлган. Бунинг эвазига Исроил қамоқхоналаридан 1800 га яқин фаластинлик маҳбуслар озод қилинган.

Исроил иккинчи босқични “Ғазо секторини тўлиқ қуролсизлантириш” ва гаровга олинган қолган 58 кишини (улардан 34 нафарини Исроил Мудофаа кучлари ўлик деб эълон қилган) топшириш шарти сифатида қўйди.

Ўз навбатида, ҲАМАС Исроилни Ғазо секторидан тўлиқ олиб чиқиб кетишни, қирғоқбўйи “блокадаси”ни тўхтатишни, уни қайта тиклашни ва молиявий қўллаб-қувватлашни талаб қилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, ўтган ҳафтада “The Wall Street Journal” манбаларига таяниб, Исроил ҳукумати ҲАМАС ҳаракати билан можарони кучайтириш ва Ғазо секторида гаровда сақланаётган шахсларни қайтариш мақсадида унга босим ўтказиш режасини ишлаб чиқаётганини хабар қилганди.


Мақола муаллифи

Теглар

Исроил ҲАМАС

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг