Исроил Ғазодаги аҳолини эвакуация қилиш учун 24 соат муддат берди

Олам

image

Исроил 1,1 миллион фаластинликни Ғазо секторидан жанубга эвакуация қилиш учун 24 соат вақт берганини эълон қилди. Бу ҳақда Исроил армияси баёнот берди.

“Исроил армияси Ғазода аҳолисини уйларини тарк этишга, ўз ҳимояси учун жанубга кўчиб ўтишга ва харитада кўрсатилганидек Ғазо дарёсининг жанубидаги ҳудудга жойлашишга чақиради. ҲАМАС террор ташкилоти Исроил давлатига қарши уруш бошлади. Ҳудудда жанглар авжига чиққан. Эвакуация шахсий хавфсизлигингиз учун зарур. Ғазога фақат хабар берилгандан кейин қайтиш мумкин бўлади”, дейилади баёнотда.

БМТ Бош котибининг расмий вакили Стефан Дюжаррик эса бундай кўчиришни ҳалокатли гуманитар оқибатларсиз амалга ошириш имконсиз эканини айтди. БМТ вакилининг қайд этишича, Исроил талаби ташкилотнинг барча ходимлари ва унинг муассасаларидан бошпана топаётганларга ҳам тегишли. Шунингдек, у Исроилни “фожиа кўлами кенгаймаслиги” учун талабини бекор қилишга чақирди.

Ғазо Ички ишлар вазирлиги эса Исроил орқадан ҳужум қилиш ва фуқароларни чиқариб юбориш учун психологик урушга эътибор қаратаётганини айтган.

Ўз навбатида, Исроил армияси ҲАМАСни тинч аҳолидан “инсон қалқони” сифатида фойдаланганликда айблади. 

“Яқин кунларда Исроил армияси Ғазода фаолликни давом эттиради ва тинч аҳолига зарар етказмаслик учун барча саъй-ҳаракатларни амалга оширади”, дейилади баёнотда.

Исроил-Фаластин можароси

Жорий йилнинг 7 октябрь куни эрталаб Ғазо секторидан Исроил ҳудудига ракета ҳужуми бошланди. Кейинчалик ҲАМАС Исроилга қарши “Ал-Ақсо тўфони” ҳарбий операцияси бошлаганини эълон қилди. Исроил Мудофаа кучлари эса бунга жавобан “Темир қиличлар” “аксилтеррор операцияси”ни бошлади.

Шундан сўнг, Бош вазир Биньямин Нетаньяху исроилликларга мурожаат билан чиқиб, мамлакатда содир бўлаётган воқеалар ҳарбий операция эмас, балки тўлақонли уруш эканини айтди.  9 октябрь куни Исроил Мудофаа вазири Йоав Галант Исроил ҳарбийлари Ғазо секторини кенг кўламли блокадага киришаётганини маълум қилди. У Ғазо секторида электр, озиқ-овқат, ёқилғи бўлмаслигини, ҳамма нарса ёпилишини айтди. 

Шунингдек, Исроил Ғазо секторидаги Ал-Ярмук, Ал-Эмин Муҳаммад, Аҳмад Ясин, Муҳаммад Эл-Ҳабиб, Эс-Суси ва Ал-Ғарби масжидларига зарба берди.  Бу орада Америка Қўшма Штатлари Ғазо сектори атрофидаги кескинлик фонида “Эронни жиловлаш учун” Яқин Шарққа қўшимча 20-25 та F-35 ва F-15 қирувчи самолётларини юбориши маълум бўлди. Германия эса Фаластин ҳудудларидаги гуманитар лойиҳалар учун аввал тасдиқланган маблағларни ажратишни тўхтатди.

Венесуэла Президенти Николас Мадуро эса Исроилни Фаластин халқини қирғин қилишда айблаб, зудлик билан тинчлик музокараларини бошлаш ва Фаластиннинг ҳудудий ҳуқуқларини кафолатловчи БМТ резолюцияларини амалга оширишга чақирди. Россия Президенти Владимир Путин ҳам мустақил суверен Фаластин давлатини яратиш зарурлигини айтиб ўтди. Шунингдек, у Исроил ва ҲАМАС ўртасидаги қуролли тўқнашувларни АҚШ сиёсати муваффақиятсизлигининг яққол мисоли деб атади. Украина Президенти Владимир Зеленский эса Яқин Шарқдаги бу можародан Россия манфаатдорлигини таъкидлади.

Сўнгги маълумотларига кўра, қуролли тўқнашувлар оқибатида Ғазода 1537 киши, жумладан 500 бола ва 276 аёл ҳалок бўлган. Исроил томонидан қурбон бўлганлар эса 1,3 минг кишига етган.


Мақола муаллифи

Теглар

БМТ Исроил Ғазо

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг