Исроил Ғазо ва Ливанда оқ фосфордан фойдаланган – HRW
Олам
−
13 Октябрь 2023
6874Халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилоти Human Rights Watch (HRW) Исроил Ливан ва Ғазо секторига қарши ҳарбий амалиётлар чоғида оқ фосфор ишлатганини маълум қилди. Бу ҳақда ташкилот сайтида чоп этилган ҳисоботда айтилган.
“Human Rights Watch ташкилоти тасдиқланган видео тасвирлар ва гувоҳларнинг сўзларига асосланиб, Исроил қўшинлари 2023 йил 10 ва 11 октабрда Ливан ва Ғазодаги ҳарбий амалиётларда оқ фосфор ишлатганини аниқлади”, дейилади ҳисоботда.
HRW Ғазонинг аҳоли зич жойлашган ҳудудларида оқ фосфордан фойдаланиш тинч аҳоли учун хавфни оширишини ва халқаро гуманитар қонунларга зид эканини таъкидлаган.
Маълумот учун, оқ фосфор самолёт бомбаларини, авиация кассетали ўқ-дориларини, артиллерия снарядларини, миналарни, жиҳозлаш учун ишлатилади. Ёндирувчи қуроллар оддий қуроллар қаторига киради, аммо БМТнинг 1980 йилдаги ғайриинсоний қуроллар тўғрисидаги конвенциясининг учинчи протоколи уларни тинч аҳолига ва фуқаролик объектларига қарши, шунингдек, тинч аҳоли пунктларидаги ҳарбий нишонларга ҳужумлар пайтида қўллашни тақиқлайди. Инсон ҳуқуқлари ташкилотлари фосфорли бомбаларни кимёвий қуроллар қаторига киритишга чақирмоқда.
Эслатиб ўтамиз, олдинроқ Human Rights Watch Исроил ва ҲАМАСни уруш жиноятларида айблаганди. HRW ҲАМАСнинг тинч аҳолига қасддан ҳужум қилиши, бомбардимон қилиши ва гаровга олиш ҳолатларини, Исроилнинг эса Ғазо секторида электр энергиясини ўчириб қўйиши ва фаластинликларга нисбатан ғайриинсоний жазо чораларини қўллашини уруш жинояти деб атаганди.
Исроил-Фаластин можароси
Жорий йилнинг 7 октябрь куни эрталаб Ғазо секторидан Исроил ҳудудига ракета ҳужуми бошланди. Кейинчалик ҲАМАС Исроилга қарши “Ал-Ақсо тўфони” ҳарбий операцияси бошлаганини эълон қилди. Исроил Мудофаа кучлари эса бунга жавобан “Темир қиличлар” “аксилтеррор операцияси”ни бошлади.
Шундан сўнг, Бош вазир Биньямин Нетаньяху исроилликларга мурожаат билан чиқиб, мамлакатда содир бўлаётган воқеалар ҳарбий операция эмас, балки тўлақонли уруш эканини айтди. 9 октябрь куни Исроил Мудофаа вазири Йоав Галант Исроил ҳарбийлари Ғазо секторини кенг кўламли блокадага киришаётганини маълум қилди. У Ғазо секторида электр, озиқ-овқат, ёқилғи бўлмаслигини, ҳамма нарса ёпилишини айтди.
Шунингдек, Исроил Ғазо секторидаги Ал-Ярмук, Ал-Эмин Муҳаммад, Аҳмад Ясин, Муҳаммад Эл-Ҳабиб, Эс-Суси ва Ал-Ғарби масжидларига зарба берди. Бу орада Америка Қўшма Штатлари Ғазо сектори атрофидаги кескинлик фонида “Эронни жиловлаш учун” Яқин Шарққа қўшимча 20-25 та F-35 ва F-15 қирувчи самолётларини юбориши маълум бўлди. Германия эса Фаластин ҳудудларидаги гуманитар лойиҳалар учун аввал тасдиқланган маблағларни ажратишни тўхтатди.
Венесуэла Президенти Николас Мадуро эса Исроилни Фаластин халқини қирғин қилишда айблаб, зудлик билан тинчлик музокараларини бошлаш ва Фаластиннинг ҳудудий ҳуқуқларини кафолатловчи БМТ резолюцияларини амалга оширишга чақирди. Россия Президенти Владимир Путин ҳам мустақил суверен Фаластин давлатини яратиш зарурлигини айтиб ўтди. Шунингдек, у Исроил ва ҲАМАС ўртасидаги қуролли тўқнашувларни АҚШ сиёсати муваффақиятсизлигининг яққол мисоли деб атади. Украина Президенти Владимир Зеленский эса Яқин Шарқдаги бу можародан Россия манфаатдорлигини таъкидлади.
Сўнгги маълумотларига кўра, қуролли тўқнашувлар оқибатида Ғазода 1537 киши, жумладан 500 бола ва 276 аёл ҳалок бўлган. Исроил томонидан қурбон бўлганлар эса 1,3 минг кишига етган.
LiveБарчаси