Исроил Ғарбий Соҳилни аннексия қилишга тайёрланмоқда
Олам
−
12 Ноябрь
4054Исроил Молия вазири, ўта ўнг қанот “Диний сионизм” партияси етакчиси Бецалель Смотрич АҚШдаги президентлик сайловларида Дональд Трампнинг ғалабаси туфайли 2025 йилда Иордан дарёси Ғарбий Соҳилининг баъзи қисмларини аннексия қилишга тайёргарлик кўришни бошлаш ҳақида топшириқ берди. Бу ҳақда CNN хабар бермоқда.
Смотричга кўра, ўзининг биринчи президентлик муддатида Трамп АҚШ элчихонасини Қуддусга кўчириш, Қуддусни Исроил пойтахти сифатида тан олиш, Голан тепаликлари устидан Исроил суверенитетини ва Яҳудия ва Самария (Иордан дарёсининг Ғарбий Соҳили учун ишлатиладиган Исроил атамаси) ҳудудларидаги яҳудий шаҳарларининг қонунийлигини тан олиш каби қадамларни қўйган.
“Биз Яҳудия ва Самариядаги аҳоли пунктларига нисбатан Исроил суверенитетини эълон қилишдан бир қадам нарида эдик ва энди буни вақти келди. Мен Мудофаа вазирлиги ҳузуридаги шаҳар бошқармасига ва Иордан дарёсининг Ғарбий Соҳилидаги Исроил фуқаролик маъмуриятига суверенитет қўллаш учун зарур инфратузилмани яратиш бўйича комплекс касбий тайёргарлик ишларини бошлаш ҳақида кўрсатма бердим. 2025 йил Яҳудия ва Самарияда Исроил суверенитети йили бўлиши керак,” деди Смотрич.
Маълумот учун, Трамп биринчи президентлик муддатининг охирги йилида – 2020 йил январь ойида Исроил ва Фаластин ўртасида тинчликка эришиш бўйича “аср битими” деб номланган режа асосида икки давлат ўзаро тан олиниши зарурлигини таъкидлаган. Унда Ғарбий Соҳилдаги мавжуд яҳудий шаҳарлар устидан Исроил суверенитетини тан олиш ҳам кўзда тутилганди.
2016 йилнинг декабрида БМТ Хавфсизлик кенгаши 2334-сонли резолюцияни қабул қилиб, Исроилнинг босиб олинган ҳудудларда тураржой қуриш фаолиятини тўхтатишини талаб қилган эди. Бироқ Исроил ушбу ҳужжат қоидаларини бажаришдан бош тортган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Араб давлатлари лигаси ва Ислом ҳамкорлик ташкилотига (ИҲТ) аъзо давлатлар Исроилни Ғазо сектори, Ғарбий Соҳил, Шарқий Қуддус ва Голан тепаликларидан чиқиб кетишга чақирган эди.
LiveБарчаси