Исроилда фуқаро Эболада гумон қилиниб карантинга олинди

Олам

image
Бугун, 20 июнь куни Исроилда Эбола вирусини юқтириш бўйича илк гумонли ҳолат қайд этилди. Бу ҳақда мамлакат Соғлиқни сақлаш вазирлиги хабар берди.

Маълум қилинишича, бемор Конго Демократик Республикасидан қайтган эркак бўлиб, иситма ва бош оғриғи шикоятлари билан шифокорларга мурожаат қилган. Вазирлик ҳозирча фақат гумон ҳақида гап кетаётганини, якуний ташхис ҳали тасдиқланмаганини маълум қилган.

Бемор Ҳайфа шаҳридаги “Рамбам” тиббиёт марказининг махсус изоляторига ётқизилган. Ушбу муассаса бундай ҳолатларни қабул қилиш учун олдиндан тайёрланган бўлган.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотига кўра, бемор амалдаги протоколларга мувофиқ карантинга олинган. Таҳлил натижалари эса яқин 24 соат ичида тайёр бўлиши айтилган. Шу билан бирга, бемор билан мулоқотда бўлган шахсларни аниқлаш мақсадида эпидемиологик текширув бошланган.

Вазирлик мамлакат соғлиқни сақлаш тизими бундай ҳолатларга тўлиқ тайёр эканини ҳам билдирган ҳамда фуқароларни Конго Демократик Республикаси ва Угандада кузатилаётган фаол касаллик ўчоқларига заруратсиз сафарлардан тийилишга чақирган.

АҚШнинг Касалликларни назорат қилиш ва профилактика қилиш марказлари (CDC) маълумотларига кўра, ҳозирга қадар Конго Демократик Республикасида Эбола вирусининг 933 та тасдиқланган ва 245 та ўлим ҳолатлари қайд этилган. Угандада эса Бундибуджо турига мансуб вирус билан боғлиқ 19 та ҳолат аниқланган ва 2 та ўлим кузатилган.

Вазирлик ҳозирча хавотир учун асос йўқлигини билдириб, вазият юзасидан маълумотлар заруратга қараб янгиланиб борилишини билдирган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Конго Демократик Республикасида Эбола авж олиши фонида шифокорлар иш ташлаётгани хабар қилинганди.

Мақола муаллифи

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг