Исроил дунёдаги биринчи жанговар лазерни қўлламоқчи
Олам
−
06 Декабрь 2025 3776 2 дақиқа
Исроил йил охиригача ўзининг юқори қувватли, жанговар қўлланишга мўлжалланган биринчи ҳаво мудофааси лазер тизимини жойлаштиришни режалаштирмоқда. Бу тизим дронлар, ракеталар ва бошқа ҳаво таҳдидларига қарши кураш усулларини тубдан ўзгартириши мумкин. Бу ҳақда мамлакат Мудофаа вазирлиги хабар берди.
“Iron Beam” (“Темир нур”) деб номланган тизим сентябрь ойида эксплуатацион синовларни якунлаган ва дунёдаги биринчи жанговар шай лазерли тўсиқ тизимига айланиши кутилмоқда.
100 киловатт қувватга эга лазер қурилмаси нишонларни атиги бир неча сония ичида яксон қила олади ва анъанавий ракетадан анчагина арзон туради.
Кўплаб синовлар давомида “Iron Beam” ракеталар, дронлар ва бошқа ҳаво нишонларини муваффақиятли йўқ қилган. Мудофаа вазирлиги вакилларининг айтишича, лазер “аниқ ва ишончли” ишлашни максимал шароитларда намойиш қилган.
“Iron Beam” Исроилнинг кўп қатламли ҳаво мудофаа тизимининг бешинчи бўғини бўлади. Бу тизимга аллақачон “Темир гумбаз”, “Довуднинг санчоғи”, Arrow-2 ва Arrow-3 мажмуалари киради.
Мавжуд тизимлар ракеталар ва баллистик нишонларни уриб туширишда 90–95 фоиз самарадорлик кўрсатади, бироқ дронлар ва паст баландликда учувчи BPLAְ’ларни ушлашда анча қийинчиликка эга, баъзан самарадорлик атиги 50 фоиз атрофида бўлади, дея қайд этади исроиллик расмийлар.
Янги лазер айнан ерга яқин, паст баландликда учадиган кичик ва секин нишонларни йўқ қилиш учун махсус ишлаб чиқилган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Германия ҳукумати Исроилга Ғазо секторида фойдаланиши мумкин бўлган қурол етказиб бериш бўйича тақиқни бекор қилганди.
Live
Барчаси