Исроил дунё бўйлаб ҲАМАС етакчиларини “овлаш”ни бошлайди – WSJ
Олам
−
01 Декабрь 2023
8818Исроил разведка хизматлари Ғазодаги операция якунланганидан сўнг бутун дунё бўйлаб ҲАМАС етакчиларини кузатиб бориш ва йўқ қилишга тайёрланмоқда. Бу ҳақда Исроил расмийларига таяниб, “The Wall Street Journal” хабар берди.
Уларнинг маълумотларига кўра, мамлакатнинг етакчи разведка идоралари Исроил Бош вазири Биньямин Нетаньяху буйруғига кўра Ливан, Туркия ва пойтахтида 10 йилдан бери ташкилотнинг сиёсий офиси жойлашган Қатарда истиқомат қилувчи ҲАМАС етакчиларини қидириш бўйича режалар ишлаб чиққан.
Газета суҳбатдошларининг таъкидлашича, Исроил “дунёнинг бошқа мамлакатларидаги ҲАМАС етакчиларини йўқ қилиш ўринлими?” деган савол ҳақида эмас, улар фақат “буни қаерда ва қандай амалга ошириш мумкин”лиги ҳақида ўйлай бошлаган.
Нашрнинг ёзишича, бу кампания Исроилнинг ўнлаб йиллар давом этган махфий операцияларининг давоми бўлади. Айтилишича, яҳудий давлати расмийлари “дипломатик инқирозларни келтириб чиқармаслик учун” Қатар, Ливан, Эрон, Россия ва Туркияда узоқ йиллардан бери яшаб келган ҲАМАС аъзоларига ҳужум қилмай келган.
WSJ манбаларига кўра, Исроил ва АҚШ расмийлари жанговар ҳаракатлар муддатини қисқартириш учун Ғазо секторидан минглаб ҲАМАС аъзоларини чиқариб юбориш ғоясини муҳокама қилмоқда. Бу ғоя 7 октябрь воқеалари каби ҳужумнинг яна содир бўлишининг олдини олиш учун можаро тугагач, анклавни ким бошқариши борасидаги музокараларнинг бир қисми сифатида кўрилмоқда. Хусусан, Саудия Арабистони ва БАА кўмагида анклавдаги янги ҳукумат томонидан назорат қилинадиган “ҲАМАСдан холи хавфсиз ҳудудлар” яратиш масаласи муҳокама қилинмоқда.
Эслатиб ўтамиз, бугун, 1 декабрь куни эрталаб Исроил мудофаа кучлари Ғазо секторига ҳужумни қайта бошлагани айтилганди.
LiveБарчаси