Исроил Байрутга зарба берди
Олам
−
31 Июль
7194Кеча, 30 июль куни Исроил Байрут жанубий чеккасига зарба берди, оқибатда камида уч киши ҳалок бўлди, яна 74 киши жароҳатланди. Бу ҳақда Ливан Соғлиқни сақлаш вазирлиги хабар берди.
“Вайроналар остида бедарак йўқолганларни қидириш давом этмоқда”, дея қўшимча қилди вазирлик.
Исроил мудофаа кучлари эса Ливандаги “Ҳизбуллоҳ” ҳаракати қўмондонига зарба берилгани ҳақида хабар берди. Байрут ҳужуми ҳақида хабар берилганидан бир неча соат ўтиб ЦАХАЛ “мақсадли” ҳужумда “Ҳизбуллоҳ” бош котиби Ҳасан Насруллоҳ маслаҳатчиси бўлиб ишлаган юқори мартабали ҳарбий қўмондон Фуад Шукр ҳалок бўлганини айтди.
Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Ливан бўйича махсус координатори Жанин Хеннис-Плассхарт 30 июль куни Исроилнинг Байрут чеккасидаги аҳоли зич жойлашган ҳудудига уюштирган зарбасидан “кўп сонли тинч аҳоли қурбон бўлганидан қаттиқ хавотирда” эканини айтди. Ҳеннис-Плассхарт “Исроил ва Ливан ўртасидаги можарога ҳарбий ечим йўқлигини” таъкидлади ва урушни тўхтатиш учун “дипломатик вариантлардан” фойдаланишга чақирди.
Маълумот учун, Исроил 27 июль куни Ливаннинг “Ҳизбуллоҳ” ҳаракатини Голан тепаликлари шимолидаги Маждал Шамс қишлоғини ўққа тутганликда айблаганди. Отишма оқибатида 12 киши ҳалок бўлган, уларнинг аксарияти ўсмирлардир. Тўқнашув вақтида улар футбол майдонида бўлган. Исроил Ташқи ишлар вазири Исраэль Кац “Ҳизбуллоҳ” Маждал Шамсга ҳужуми билан “барча қизил чизиқларни кесиб ўтганини” айтди ва “тўлиқ кўламли уруш” эҳтимоли ҳақида огоҳлантирди. Ўз навбатида, “Ҳизбуллоҳ” ҳужумга алоқадорлигини рад этади.