Исроил баъзи давлатлардаги элчихоналарини эвакуация қилди
Олам
−
18 Октябрь 2023
8767Ғазо секторидаги воқеалар сабаб Исроил Миср ва Марокашдаги дипломатик ваколатхоналарини эвакуация қилди. Бу ҳақда “Yediot Ahronoth” газетаси хабар берди.
Маълумотларга кўра, Исроилнинг бошқа элчихоналарида ҳам юқори огоҳлантириш режими эълон қилинган. Билдирилишича,Ташқи ишлар вазирлиги Исроил дипломатларини уларнинг мавжудлиги яҳудий давлати фуқаролари учун хавфли бўлиши мумкин бўлган мамлакатлардан эвакуация қилишга ҳаракат қилмоқда. Исроил дипломатик миссияларининг барча ходимларидан эҳтиёт бўлишлари ва зарурат бўлмаса, элчихона биноларини тарк этмасликлари сўралган.
Хусусан, Исроилнинг Sundor чартер авиакомпанияси Туркияни тарк этишни хоҳловчи исроилликларга бепул рейслар тақдим этган.
Қайд этилишича, Sundor самолётлари Туркия ҳукуматининг яҳудий давлати ҳаракатларига нисбатан ёмонлашаётган риторикасини ҳисобга олиб, Туркияни тарк эта олмаган Исроил фуқароларини эвакуация қилади. Шу билан бирга, Galei Tzahal армия радиоси мухбири Истанбулдан Тель-Авивга учаётган рейс фақат ярмига тўлганини даъво қилмоқда ва барча Исроил фуқароларини имкон қадар тезроқ уйларига қайтишга чақирмоқда. Исроил Миллий хавфсизлик кенгаши ҳам Туркиядаги фуқароларига бу мамлакатни зудлик билан тарк этишни тавсия қилган.
Хавфсизлик хизмати тавсияномасида Исроил армиясининг Ғазо секторидаги ҳарбий амалиёти бошланганидан сўнг, “дунё бўйлаб яҳудийлар ва исроилликларга қарши террорчилик таҳдидларининг сезиларли даражада кучайиши аниқлангани” қайд этилган. Ҳали Туркияни тарк этмаган исроилликларга эҳтиёт чораларини кучайтириш, жамоат жойларида вақтини имкон қадар қисқартириш, Исроил ёки яҳудий рамзларидан фойдаланишни минималлаштириш тавсия этилган.