Исроил аскарлари туркиялик журналистларга ҳужум қилди (видео)
Олам
−
27 Июль
14480Кеча, 26 июль куни Исроил аскарлари Туркия журналистларига ҳужум қилиб, уларни калтаклади. Бу ҳақда “Анодолу” хабар берди.
Нашрга кўра, воқеа Қуддусдаги Ал-Ақсo масжиди олдида содир бўлган. Исроил кучлари биринчи навбатда фаластинликларга ҳужум қилган. Кейинроқ ҳужумни тасвирга олган TRT News гуруҳини нишонга олган. Ҳодиса оқибатида TRT оператори жароҳатланган.
Туркия Ташқи ишлар вазирлиги Исроилнинг журналистларга қарши сўнгги ҳужумларини қоралаб, Фаластин муаммосини ёритувчи ОАВ ходимларини қўллаб-қувватлашга содиқлигини маълум қилган.
“Биз Исроил бир неча ой давомида журналистларга ҳужум қилиб, ҳақиқатни яшира олмаслигини ҳали ҳам англаб етмаганини кўряпмиз. Босқинчилар ҳужуми оқибатида жароҳат олган TRT News телеоператорига тезроқ шифо тилаб, TRT оиласига соғлик тилаймиз. Мард ва довюрак журналистлар Фаластинда содир бўлаётган зулм ҳақида бутун дунёга қатъийлик билан хабар беришда давом этадилар ва вазирлигимиз бу курашда уларнинг ёнида бўлади”, дейилади вазирлик баёнотида.
Гувоҳларнинг айтишича, Исроил полицияси ишғол остидаги Қуддусда жойлашган Ал-Ақсo масжидига жума намози учун юзлаб фаластинлик ёшларнинг киришига тўсқинлик қилган. Полиция Арслон дарвозаси яқинида бир йигитни калтаклаб, бошини жароҳатлаган. Улар, шунингдек, Туркиянинг TRT телеканали аъзосига ўша ҳудудда ҳеч қандай сабабсиз полиция томонидан ҳужум қилинганини даъво қилган. Исроил полицияси кўп сонли ёшларнинг масжидга киришини тақиқлаш ёки ҳужумлар сабабларини очиқламаган. Бироқ, сўнгги бир неча ҳафта ичида ёшларнинг масжидга киришига чекловлар кучайтирилган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Исроил хавфсизлик кучлари томонидан ҳужумга учраган “Анадолу” агентлиги фотомухбири Мустафо Ҳаруф Халқаро судда далил сифатида тақдим этилган Исроилнинг уруш жинояти ҳақидаги далилларни қўлга киритишга муваффақ бўлгани хабар қилинганди. Ҳаруф Ғазо чегарасидаги можаро зоналаригача етиб борган биринчи журналистлардан ҳисобланади.