Исроил АҚШни Россия базаларини “заиф” Сурияда сақлашга кўндирмоқда – ОАВ
Олам
−
01 Март 2025 9016 3 дақиқа
Исроил АҚШни Сурияни заиф ва марказий ҳукуматдан ажралган ҳолда қолдиришга, жумладан Россиянинг ҳарбий базаларини сақлаб қолишига рухсат беришга даъват қилмоқда. Бу билан Исроил Туркиянинг мамлакатдаги таъсирининг ортишини чеклашни мақсад қилган. Бу ҳақда мазкур ҳаракатлар билан таниш бўлган тўрт манбага таяниб, “Reuters” хабар берди.
Манбаларга кўра, Исроил ва Туркия ўртасидаги муносабатлар Ғазо уруши давомида янада кескинлашган ва Исроил расмийлари Вашингтонга янги Сурия ҳукуматининг Анқара томонидан қўллаб-қувватланиши Исроил чегаралари учун таҳдид эканини билдирган. Бу ҳаракатлар эса Исроилнинг АҚШ сиёсатига таъсир ўтказишга қаратилган кенг кўламли кампанияси борлигини кўрсатади. Айниқса, Сурия учун муҳим даврда – Башар Асад ҳокимиятдан кетганидан кейин янги ҳукумат мамлакатни барқарорлаштиришга ва АҚШ санкцияларини бекор қилишга интилаётган бир вақтда бу ёндашув ўз аҳамиятини оширмоқда.
Нашрнинг ёзишича, Исроил ўз позициясини февраль ойида Вашингтондаги учрашувларда ҳамда кейинчалик АҚШ Конгресси вакиллари билан Исроилда ўтказилган музокаралар чоғида баён қилган.
Икки манбага кўра, асосий фикрлар Исроил томонидан АҚШ расмийларига тақдим этилган махсус “оқ қоғоз” ҳужжатида ҳам акс эттирилган.
“Исроилнинг энг катта хавотири шундаки, Туркия янги Сурия тартибини ҳимоя қилиб, у ердаги ҳолатни ҲАМАС ва бошқа гуруҳлар учун таянч ҳудудга айлантиради”, дейди Century International тадқиқот маркази эксперти Арон Лунд.
АҚШ Давлат департаменти ва Миллий хавфсизлик кенгаши бу масала бўйича изоҳ бермаган. Шунингдек, Исроил Бош вазири идораси, Сурия ва Туркия Ташқи ишлар вазирликлари ҳам изоҳ бермаган.
Манбалар маълумотига кўра, АҚШ Президенти Дональд Трамп маъмурияти Исроилнинг таклифларини қанчалик жиддий кўриб чиқаётгани номаълум. Трамп Сурия ҳақида кам гапирган, шунинг учун ҳам санкциялар келажаги ва АҚШнинг шимоли-шарқий Суриядаги ҳарбий контингентининг тақдири мавҳум бўлиб қолмоқда.
Лунднинг таъкидлашича, Исроил АҚШнинг қарашларига таъсир ўтказиш имкониятига эга, чунки янги маъмурият Исроилга нисбатан ниҳоятда ижобий муносабатда.
“Трампнинг ҳозир Сурияга эътибори жуда паст. Бу кам устуворликка эга масала ва натижада сиёсий бўшлиқ пайдо бўлган”, дейди у.
Маълумот учун, Суриянинг катталиги бўйича иккинчи денгиз порти ҳисобланувчи Тартусда Россия денгиз флотининг моддий-техник таъминот пункти жойлашган. 2024 йилнинг 12 декабрь куни Россия Ташқи ишлар вазири ўринбосари Михаил Богданов Сурияга янги ҳукумат келганидан кейин ҳам Россия ўз ҳарбий базаларини сақлаб қолишига умид билдиришини айтган. Бироқ Тартус вилояти Божхона бошқармаси раҳбари Риёд Жуди “Al Watan” газетасига берган интервьюсида Россия компанияси билан Тартус денгиз портини бошқариш бўйича келишувни бекор қилганини айтди.
Кейинроқ эса Сурия мудофаа вазири Мурҳаф Абу Қасра Сурия Дамашқ манфаатларига хизмат қиладиган келишувга эришилса, Россияга Ўртаер денгизи соҳилидаги – Тартус ва Хмеймимдаги ҳарбий базаларини сақлаб қолиш имкониятини беришга тайёр эканини билдирди.
Live
Барчаси