Исроил АҚШга Рафаҳдан тинч аҳолини эвакуация қилиш режасини маълум қилди
Олам
−
04 Май
5496Исроил АҚШ ҳукуматини блокада остидаги Ғазо сектори жанубидаги Рафаҳ шаҳрига қуруқликдан ҳужум қилганида фаластинлик тинч аҳолини эвакуация қилиш режаси ҳақида хабардор қилди. Бу ҳақда манбаларига таяниб, “Associated Press” хабар берди.
АҚШ расмийларига кўра, Рафаҳга қуруқликдан ҳужум содир бўлган тақдирда кўплаб фаластинлик тинч аҳолининг ҳаёти хавф остида қолиши ҳақидаги АҚШ позицияси ўзгармаган.
Кеча, 3 май куни АҚШ Давлат котиби Энтони Блинкен Вашингтон Рафаҳга қуруқликдан қилинган ҳужумни қўллаб-қувватламаслигини, чунки оммавий ҳужумлардан кўрилган зарарни қабул қилиб бўлмаслигини айтган.
Оқ уй матбуот котиби Карине Жан-Пьер АҚШ Исроилнинг Рафаҳдаги қуруқликдан ҳужумига қарши эканини тасдиқлади.
“Ҳозирча Қўшма Штатлар Тель-Авив томонидан бу йўналишда ҳеч қандай режа кўрмаяпти”, деганди у.
АҚШ Президенти Жо Байден ва Ғарб расмийларининг Рафаҳга мумкин бўлган қуруқлик ҳужуми тинч аҳолининг кўпроқ қурбон бўлишига ва гуманитар инқирознинг кучайишига олиб келиши ҳақидаги огоҳлантиришларига қарамай, Исроил Бош вазири Биньямин Нетаньяху ЦАХАЛ “операция”ни амалга оширишини маълум қилди.
Америка матбуоти Исроил бир ҳафта ичида Рафаҳга қарши "кенг кўламли қуруқликдаги операция"ни бошлаши мумкинлигини ёзди.