Маҳбусларни алмашиш келишувидан қатъи назар, Рафаҳга ҳужум қиламиз – Нетаньяху
Олам
−
01 Май
3969Исроил Ғазо сектори жанубидаги Рафаҳ шаҳрига, ҲАМАС билан асирларни алмашиш бўйича келишувга эришилган ёки эришилмаганидан қатъи назар, қуруқликдан катта ҳужум уюштиради. Бу ҳақда Исроил Бош вазири Биньямин Нетаньяху маълум қилди.
Исроил ҳукумати раҳбари маъмуриятининг баёнотига кўра, Нетаньяху Ғазо секторидаги ҲАМАС қўлидаги маҳбусларнинг яқин қариндошларини Исроил “барча мақсадларга эришилмагунича” анклавга ҳужумларни тўхтатмаслигига “ишонтирган”. Эътиборлиси, Исроил ҳарбий Вазирлар Маҳкамаси раҳбарининг бундай баёноти Қоҳирада ҲАМАС билан асирларни алмашиш бўйича билвосита музокаралар давом этаётган бир пайтда берилган.
Бир кун аввал Миср матбуоти ҲАМАС делегацияси Миср пойтахтини тарк этгани ва Мисрнинг маҳбуслар алмашинуви ҳақидаги сўнгги таклифига ёзма жавоб юборишини хабар қилган эди.
Британия Ташқи ишлар вазири Дэвид Кэмерон кеча, 30 апрель Ар-Риёдда ҲАМАСга 40 кунлик сулҳ ва исроиллик маҳбусларни озод қилиш эвазига минглаб фаластинлик маҳбусларни озод қилиш таклиф қилинганини айтди.
Исроил Рафаҳга ҳужум қилиши мумкин
2023 йил 7 октябрда Исроилнинг йирик ҳужумлари бошланишидан олдин Ғазо сектори жанубидаги Рафаҳ шаҳри аҳолиси тахминан 280 минг кишини ташкил қилган. Ҳужумлар бошланганидан бери Ғазо секторининг 2,3 миллион аҳолисидан 1,9 миллиони уй-жойини тарк этган. Кўчирилганларнинг аксарияти Исроил аввалроқ “хавфсиз ҳудуд” деб эълон қилган Рафаҳда жойлашган. Шундай қилиб, шаҳар аҳолиси бир ярим миллион кишига етди.
Уй-жой етарли бўлмагани учун юз минглаб фаластинликлар брезент ва мато бўлакларидан ясалган вақтинчалик чодирларда яшашга мажбур. Исроил армияси тез-тез Рафаҳ шаҳрига ҳужум қилади. Агар қуруқликдан ҳужум бошланса, тинч аҳолининг қочадиган жойи қолмайди.
Халқаро ҳамжамиятнинг Рафаҳга ҳужум қилиш режаларидан воз кечишга чақиришларига қарамай, Нетаньяху ҳужум режасини маъқуллаганини бир неча бор айтган. 8 апрель куни Исроил ҳукумати раҳбари ҳужум санаси аллақачон аниқланганини маълум қилди. Исроилнинг “Kan” телеканали Рафаҳга қуруқликдан ҳужум "тез орада" бошланишини маълум қилди.