Исроил Аббосни Ғазога боришига рухсат бермади
Олам
−
23 Август
3562Кеча, 22 август куни Исроил ҳукумати Фаластин миллий маъмурияти раҳбари Маҳмуд Аббоснинг Ғазо секторига ташриф буюришига рухсат бермай, анклав Исроил томонидан босиб олинганини билдирди. Бу ҳақда Фаластин Президентининг халқаро алоқалар бўйича маслаҳатчиси, махсус вакили ва ташқи ишлар вазири Риёд ал-Маликий маълум қилди.
“Биз рухсат сўрамадик. Президентнинг Ғазога боришини маълум қилдик. Шундан сўнг Исроилнинг жавоби келди. Улар Президент Маҳмуд Аббоснинг Ғазога киришига рухсат бермасликларини билдиришди. Бу фақат Ғазо Исроил ҳарбий ишғоли остида эканлигини англатади”, деган ал-Маликий.
Шунингдек, у Аббос Исроил расмийларининг ҳам худди шундай муносабат билдиришини олдиндан билганини қайд этди. Айнан шунинг учун у Ғазога кириш учун Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Хавфсизлик Кенгашидан ёрдам сўраган.
Фаластиннинг БМТдаги доимий кузатувчиси Риёд Мансур халқаро ташкилотнинг Хавфсизлик Кенгаши аъзоларини Фаластин Президенти Маҳмуд Аббосга қўшилишга ва анклавдаги фожиа кўламини шахсан баҳолаш учун Ғазо секторига боришга чақирди. Бундан ташқари, фаластинлик дипломат Хавфсизлик Кенгашини “Президент Аббоснинг Ғазо секторига етиб бориш имкониятини таъминлашга”, шунингдек, Фаластин халқига қарши “геноцид ва жиноятларни тўхтатишга ҳаракат қилишга” чақирди.
Маълумот учун, Фаластин миллий маъмурияти раҳбари 15 август куни Туркия парламентининг навбатдан ташқари йиғилишида сўзга чиқиб, Ғазога бориш ниятини маълум қилди. Аббос 2007 йилда ҲАМАС ҳаракати тарафдорлари ҳокимиятни эгаллаб олганидан бери бу анклавга бормаган, гарчи у вақти-вақти билан, масалан, 2011 йилда анклавга боришни режалаштирган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Фаластин миллий маъмурияти Исроил ҳукуматига Фаластин раҳбари Маҳмуд Аббоснинг яқин орада Ғазо секторига ташриф буюриши сўровини юборгани хабар қилинганди.
LiveБарчаси