Маҳмуд Аббос Ғазо секторига бормоқчи (видео)
Олам
−
16 Август
4073Фаластин миллий маъмурияти раҳбари Маҳмуд Аббос Ғазо секторида давом этаётган уруш билан боғлиқ хавф-хатарларга қарамай, унга ташриф буюриш ниятида. Бу ҳақда у кеча, 15 август куни Туркия парламентининг навбатдан ташқари йиғилишида сўз очди.
“Бизда бошқа ечим қолмади. Шу муносабат билан мен ва Фаластин маъмуриятининг барча аъзолари Ғазога боришга қарор қилдик ва биз буни амалга оширамиз. Бизнинг ҳаётимиз Ғазо секторидаги ҳар қандай боланинг ҳаётидан қимматли эмас”, дейди Аббос.
88 ёшли Фаластин маъмурияти раҳбари 45 дақиқалик нутқида Фаластин ҳуқуқларини қўллаб-қувватлагани ва инсонпарварлик ёрдами кўрсатгани учун Туркия ва турк халқига миннатдорлик билдирди ва Исроилни Ғазо секторида “геноцид”да айблади. У Фаластин халқининг ўз ерлари учун курашда собитқадамлигини таъкидлади.
"Фаластинликлар ўз ҳуқуқларини ҳимоя қилишда давом этадилар ва ўз ерларини тарк этмайдилар", дейди у.
Аббос Анқарага 14 август куни Москвага ташрифининг эртасига етиб келди. Фаластин раҳбари 13 август куни Россия Президенти Владимир Путин билан музокаралар чоғида халқаро ҳамжамиятни Фаластин масаласи бўйича тинчлик конференцияси ўтказишга чақирди.
Унинг сўзларига кўра, бу фаластинликларда халқаро ҳамжамият “икки халқ учун икки давлат” тамойилини амалга ошириш имкониятига жиддий ёндашишига умид уйғотиши керак.
LiveБарчаси