Исроил 10 ойда 10 мингдан ортиқ фаластинлик талабани ўлдирди
Олам
−
07 Август
37272023 йилнинг октябрь ойида Ғазо секторида қирғинбарот уруш бошланганидан бери 10 мингдан ортиқ талаба Исроил томонидан ўлдирилди. Бу ҳақда Фаластин Таълим вазирлиги маълум қилди.
Вазирлик баёнотига кўра, тахминан 10 043 талаба ҳалок бўлган, 16 423 нафари жароҳатланган. Биргина Ғазо секторида 9936 дан ортиқ талаба ҳаётдан кўз юмган, 15897 нафари жароҳатланган. Ғарбий Соҳилда 107 нафар талаба ҳалок бўлиб, 526 нафари яраланган.
Қирғинбарот уруш ўқитувчиларнинг ҳам ҳаётига нуқта қўйган. Иккала ҳудудда 504 нафар ўқитувчи ҳалок бўлган ва 3426 маориф вакиллари жароҳат олган. Бундан ташқари, Ғарбий Соҳилда 117 дан ортиқ ўқитувчи ҳибсга олинган.
Ғазо секторидаги 119 та давлат мактаби жиддий зарар кўрган, 62 таси эса бутунлай вайрон бўлган. Бундан ташқари, 191 та мактаб, шу жумладан, Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Фаластинлик қочқинларга ёрдам бериш ва ишларни ташкил этиш агентлиги томонидан бошқариладиган таълим муассасалари бомбардимон қилинган.
20 га яқин университет жиддий зарар кўриб, 31 дан ортиқ бино бутунлай вайрон бўлган ва 57 таси қисман яроқсиз ҳолга келган.
Вазирлик, шунингдек, Ғазо секторидаги 620 мингдан ортиқ ўқувчи мактабга бора олмагани, шулардан 39 минг нафари ўрта мактаб ўқувчилари эканини маълум қилди.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг июль ойи бошларида Исроилнинг Ғазодаги мактабга ҳужуми оқибатида 29 киши қурбон бўлган эди.