Исроилнинг Ғазодаги мактабга ҳужуми оқибатида 29 киши қурбон бўлди (видео)
Олам
−
10 Июль
2939Фаластинликлар яширинган Хон Юнусдаги мактабга Исроил ҳужуми оқибатида қурбон бўлганлар сони 29 нафарга етди. Бу ҳақда Фаластин ҳукуматининг Ғазодаги матбуот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, Исроил армияси охирги 24 соат ичида олтита оммавий қотиллик содир этган, оқибатда 60 нафар фаластинлик ҳалок бўлган.
“Бу геноцид 10 ойдан бери босқинчи армия Фаластин халқига қарши амалга ошираётган жиноятнинг давомидир. Биз тинч аҳолига нисбатан бу даҳшатли қирғинларни содир этган Исроил ишғолини, шунингдек, АҚШ маъмуриятининг геноцид жиноятида босқинчилар томонида бўлишини энг қаттиқ сўзлар билан қоралаймиз", дейилади хабарда.
Матбуот хизмати тинч аҳолининг ўлимида Исроил ва АҚШ маъмуриятини айблади.
Фаластин ҳукумати халқаро ҳамжамият, БМТ, турли халқаро ташкилотлар ва эркин дунёнинг барча давлатларини Ғазодаги қон тўкилишини тўхтатиш учун Исроил ва АҚШга босим ўтказишга чақирди.
7 октябрдан буён Исроилнинг Ғазо секторидаги тажовузи қурбонлари сони 38 243 нафарга, ярадорлар сони 88 033 нафарга етди.
“Босқинчилар Хон Юнус шаҳри шарқидаги Абесан ҳудудида кўчирилганлар бошпана олаётган мактабга ҳужум қилиб, жирканч қирғин уюштирди”, дейилади Фаластин Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати хабарида.
Фаластин Қизил Ярим Ой Жамияти ярадорларнинг Хон Юнусдаги Ал-Наср ва Ал-Амал шифохоналарига ётқизилганини билдирди. Бундан ташқари, Фаластин ярим ой жамияти Хон Юнус марказидаги Абу Ҳамид чорраҳасига ҳужумлар чоғида ҳалок бўлганлар ва жароҳатланганлар ҳақида хабар берган.