Исроил “Ҳизбуллоҳ”нинг логистика бошлиғи ўлдирилганини эълон қилди

Олам

image

Ливан пойтахти Байрутга уюштирилган ҳаво ҳужуми туфайли “Ҳизбуллоҳ” ҳаракати таркибида Эрондан қурол-яроғ етказиб бериш учун масъул бўлган Суҳайл Ҳусайн Ҳусайний ҳалок бўлди. Бу ҳақда Исроил Мудофаа вазирлиги маълум қилди.

Унга кўра, Ҳусайний Эрон ва “Ҳизбуллоҳ” ўртасида қурол-яроғ ўтказилишида ҳал қилувчи роль ўйнаган ва ташкилот бўлинмалари ўртасида замонавий қурол-яроғларнинг тақсимланишига масъул бўлган, қурол-яроғ ташилиши ва тарқатилишини назорат қилган. Шунингдек, Ҳусайний “Ҳизбуллоҳ”нинг энг муҳим лойиҳалари – бюджет ва логистика учун масъул бўлган.

Сентябрь ойи ўрталарида Ливанда “Ҳизбуллоҳ” тезкор алоқа учун фойдаланадиган пейжер ва радиоларда қатор портлашлар содир бўлди. 27 сентябрь оқшомида Исроил армияси Байрутнинг жанубий чеккасида жойлашган “Ҳизбуллоҳ” қароргоҳига ҳаво ҳужуми уюштирди, оқибатда ҳаракатга 30 йилдан ортиқ раҳбарлик қилган Ҳасан Насруллоҳ ҳалок бўлди.

Насруллоҳ билан бирга унинг қизи Зайнаб, ҳаракатнинг бир қатор юқори мартабали аъзолари, шунингдек, Эрон Ислом инқилоби қўриқчилари корпуси генерал-майори Аббос Нилфорушан ўлдирилган. 29 сентябрь куни Эрон расмийлари Нилфорушаннинг ўлимига расман изоҳ берди. Мамлакат Ташқи ишлар вазири Аббос Ароқчи унинг ўлдирилиши жавобсиз қолмаслигини айтди.

Эслатиб ўтамиз, Эрон 1 октябрь оқшомида Исроилга йирик ракета ҳужуми уюштирганди.Теҳрон бунга сабаб Исроилнинг Ливандаги “Ҳизбуллоҳ” ва Фаластиннинг ҲАМАС гуруҳлари нишонларига берган зарбалари, шунингдек, улар етакчиларининг ўлими билан изоҳлади. Теҳрон кўзланган мақсадга эришилганини билдирди. Исроил расмийлари ўққа тутиш муваффақиятли бўлгани ҳақидаги даъволарни рад этиб, ракеталарнинг аксарияти уриб туширилганини таъкидламоқда. Америка томони ҳам худди шундай баҳо берди.

Исроил Бош вазири Биньямин Нетаньяху Эроннинг ҳаракатларини катта хато деб атади ва уни жавобгарликка тортишга ваъда берди. Унинг сўзларига кўра, ўлдирилган “Ҳизбуллоҳ” ва ҲАМАС етакчилари Исроил “ўзини ҳимоя қилишга ва қасос олишга қанчалик тайёр эканини тушунмаган ва Теҳронда буни тушунмайдиганлар ҳалиям бор”.

Кеча, 7 октябрь куни урушнинг 1 йиллигига бағишланган ҳукуматнинг навбатдан ташқари йиғилишида Нетаньяху мамлакатнинг Ғазо сектори ва Ливанда олиб бораётган урушини расман “Қайта туғилиш уруши” деб аташни таклиф қилди. Исроил мухолифати етакчиси Яир Лапид эса Бош вазир томонидан урушга шундай ном бериш ташаббусига “Сиз хоҳлаганингизча кўплаб номларни ўзгартиришингиз мумкин, лекин сизнинг раҳбарлигингиз остида Исроил тарихидаги энг ёмон фалокат содир бўлгани ҳақидаги ҳақиқатни ўзгартира олмайсиз. Бу ҳукумат – қайта туғилиш ҳукумати эмас, бу – айбдорлик ҳукуматидир”, дея жавоб қайтарган.

 


Мақола муаллифи

Теглар

Ливан “Ҳизбуллоҳ” Суҳайл Ҳусайн Ҳусайний

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг