Исроил ҲАМАС етакчиларидан бирини йўқ қилди
Олам
−
03 Январь
4890Кеча, 2 январь куни Ливаннинг Байрут шаҳри жанубида содир бўлган портлаш оқибатида ҲАМАС Сиёсий бюроси раҳбарининг ўринбосари Солиҳ ал-Арурий ҳалок бўлди. Бу ҳақда “Al Arabiya” хабар берди
Айтилишича, 57 ёшли ал-Арурий ва унинг икки шериги вафот этган. Портлаш ЦАХАЛ учувчисиз самолётининг ҲАМАС қароргоҳига берган зарбаси оқибатида содир бўлган.
Ливаннинг “Al Mayadeen” телеканали аниқлик киритишича, Исроил дрони ҲАМАС идорасига учта ракета билан ҳужум қилган. ҲАМАС ал-Арурийнинг ўлимини тасдиқлаган. Ливан армияси портлаш содир бўлган жойга қўшимча кучларни олиб келган.
Маълумот учун, ал-Арурий ҲАМАС иерархик тузилмасидаги иккинчи шахс эди. У уруш бошланганидан бери Исроил томонидан ўлдирилган энг юқори мартабали ҲАМАС вакили бўлди. У ҳаракатнинг олий сиёсий етакчиси Исмоил Хониянинг ўринбосари бўлган ва гуруҳнинг Ғарбий Соҳилдаги мавжудлигини бошқарган. У, шунингдек, ҳаракатнинг Ливандаги “Ҳизбуллоҳ” гуруҳи билан асосий алоқачиси бўлган.
“Ҳизбуллоҳ” етакчиси Сайид Ҳасан Насруллоҳ Исроилнинг Ливандаги Фаластин расмийларига қарши ҳар қандай ҳужумига жавоб қайтаришга ваъда берди.