Исроил-Ҳамас тўқнашуви ортидан Европада мусиқий мукофотлар топширилмайди
Маданият-санъат
−
23 Октябрь 2023
3829Келгуси ой бўлиб ўтиши режалаштирилган “MTV Europe Music Awards (EMAs)” нинг тақдирлаш маросими Франциянинг энг юқори даражадаги хавфсизлик режимида эканлиги ва Исроил-Ҳамас уруши давом этаётгани сабабли бекор қилинди. Бу ҳақда “Euronews” нашри хабар берди.
Тадбир 5 ноябрь куни Парижда бўлиб ўтиши режалаштирилган эди, ижрочилар орасида Thirty Seconds To Mars, BTS аъзоси Жунг Кук ва Рене Репп ҳам бор эди.
“MTV EMAs ҳар йили анъанавий ўтказиб келинадиган мусиқа байрамидир. Исроил ва Ғазодаги ҳалокатли воқеалар давом этаётганини кузатар эканмиз, бу халқаро байрам учун мос вақтга ўхшамайди. Минглаб одамлар ўлдириляпти. Бу –мотам”, дейди компания вакили.
Баёнотда, шунингдек, ушбу қарор маросимда қатнашиш учун дунёнинг турли бурчакларидан келадиган минглаб ходимлар, экипаж аъзолари, санъаткорлар, мухлислар ва ҳамкорларнинг хавфсизлигини ўйлаган ҳолда қабул қилингани билдирилган.
Унга кўра, тақдирлаш маросими 2024 йилнинг ноябрь ойида яна қайтади.
Маълумот учун, маросим ҳар йили турли мамлакатда бўлиб ўтади. Ўтган йили Германиянинг Дюсселдорф шаҳрида Оскар мукофотига сазовор бўлган режиссёр Тайка Вайтити ва қўшиқчи Рита Ора бошчилигида бўлиб ўтганди.
Бу йил маросим бўлиб ўтиши керак бўлган мамлакат Франция эди. Аммо 13 октябрь куни шимоли-шарқдаги Аррас шаҳрида мактаб ўқитувчиси ўлдирилгани ва яна уч киши яраланганидан сўнг, Франция энг юқори хавфсизлик даражасини эълон қилган. Шунингдек, Франция фуқаро авиацияси бошқармасига кўра, 18 октябрь куни эса Франциянинг саккизта аэропортига хавфсизлик огоҳлантиришлари берилган ва бир нечтаси текширув учун ёпилган.
Эслатиб ўтамиз, таниқли хонанда Шакира тўртинчи маротаба “Video Music Awards” мукофоти (VMA) билан тақдирланди.