Испанияда “Россия мафияси”нинг 23 аъзоси қўлга олинди
Олам
−
17 Декабрь 2020
11094Испания миллий полицияси “Россия мафияси”нинг пул ювиш билан шуғулланишда гумон қилинган гуруҳига қарши операция давомида 23 кишини ҳибсга олди. Бу ҳақда қироллик ҳуқуқ-тартибот идораларининг пресс-релизида айтилган.
Полициянинг тушунтиришича, ҳибсга олинганлар орасида саккиз нафар Россия, икки нафар Украина, бир нафардан Қозоғистон, Жазоир ва Испания фуқаролари бор. Ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимларининг сўзларига кўра, ташкилот адвокатлар, амалдорлар, сиёсатчилар, ишбилармонлар ва хакерлар ёрдамида Испания иқтисодиётининг муҳим тармоқлари устидан назоратни қўлга киритиш ва давлат идораларига кириб боришни режалаштирган. Тергов 2013 йилда полиция рус мафияси Испанияда ўз фаолиятини кучайтиргани, ўзларининг жиноий ҳаракатларидан тушган пулларни бизнесга, асосан дискотека, ресторанлар ва кўчмас мулк секторида сарфлаганини аниқлаганидан сўнг бошланган.
“Жиноятчилик фаолияти қотиллик, товламачилик, гиёҳванд моддалар савдоси, қурол-яроғ, одам савдоси каби жиноятларни ўз ичига олган ушбу ташкилотларнинг Европада кўплаб филиаллари мавжуд. Шунингдек, улар Жанубий Америка ва Қўшма Штатларда ҳам ўз фаолиятини олиб бормоқда. Ушбу жиноий фаолиятдан олинган фойда Испанияда турли хил корхоналарда, асосан дам олиш, меҳмонхона ва кўчмас мулк соҳаларида, Россия жиноий синдикатлар билан боғлиқ бўлган рус ишбилармонлари орқали сармояланган, дейилади полиция ахборотида.
Полиция маълумотларига кўра, тергов Европол билан ҳамкорликда ўтказилган. Испанияда ҳибсга олинганлар пора олиш ва пул ювиш операцияларига кўмаклашиш билан шуғулланган. Асосий гумонланувчилардан бири турли хил давлат идораларида, улардан жиноий тармоқ манфаатлари йўлида фойдаланиш мақсадида хайрия тадбирларида қатнашган. Полициянинг қўшимча қилишича, ташкилот давлат идораларида шу қадар чуқур илдиз отганки, тергов маълумотларининг тарқалиб кетиш хавфи мавжудлиги туфайли жуда эҳтиёткорлик билан олиб борилиши керак.
Маълумотларга кўра, тинтувлар давомида бир қанча қуроллар мусодара қилингна, 300 минг евро нақд пул, олмос ва кўплаб банк ҳисоб рақамлари блокланган. Бу сўнгги 10 йил ичида Испанияда ўтказилган Шарқий Европадан келган мафияларга қарши энг йирик тергов ҳисобланади.