Испанияда 14 йилдаги илк умуммиллий иш ташлаш ўтказилди
Олам
−
15:15 567 3 дақиқа
Испанияда уй-жой нархлари ва ижара ҳақи ошиши, шунингдек, ҳамёнбоп турар жойлар етишмаслигига қарши ўн минглаб киши кўчага чиқди. Кеча, 11 ноябрь куни мамлакат бўйлаб умуммиллий иш ташлаш ҳам ўтказилди. Бу ҳақда “Deutsche Welle” хабар берди.
Намойишлар бир қатор шаҳарларда бўлиб ўтди. Мадридда маҳаллий ҳокимият маълумотига кўра, акцияларда 120 минг киши қатнашган. Ижарачилар уюшмалари эса иштирокчилар сони 600 минг нафарга етганини билдирган. Барселонада полиция ҳисоб-китоби бўйича 55 минг киши кўчага чиққан
Иш ташлаш Испанияда сўнгги 14 йил ичидаги биринчи умуммиллий иш ташлаш бўлиб, бир кун давом этган. У мамлакатдаги ижтимоий ва иқтисодий ҳаётнинг айрим соҳаларига таъсир кўрсатган.
Намойишлар аксарият шаҳарларда тинч ўтган. Бироқ Барселонада акциялар якунланганидан кейин тартибсизликлар юзага келган. Маълумотларга кўра, юзларини беркитган ўнг радикаллар бир нечта дўконнинг витриналарини синдирган, чиқинди қутиларига ўт қўйган ва полиция ходимларига тош, шиша идишлар ҳамда петардалар отган. Полиция уларга қарши резина таёқлардан фойдаланган. Мамлакат бўйлаб намойишлар давомида камида 52 киши ҳибсга олинган.
Касаба уюшмалари иш ташлашни муваффақиятли деб баҳолаган. Хусусан, CCOO уюшмаси электр энергияси истеъмоли одатдаги иш кунидан кўра якшанба кунларига хос даражага тушганини билдирган. Иш берувчиларни бирлаштирувчи CEOE ташкилоти эса иш ташлашда ходимларнинг 10 фоизидан ками қатнашганини маълум қилган.
Қайд этилишича, оммавий норозиликларга Мадридда 87 ёшли Марикармен Абаскалнинг ижарада яшаб келган уйидан кўчирилиши ҳам туртки бўлган. У 70 йил давомида мазкур хонадонда яшаб, ойига 500 евро ижара тўлаган. 2018 йилда уй янги компания ихтиёрига ўтгач, ижара ҳақи унинг пенсиясидан ҳам ошиб кетадиган даражагача кўтарилган. 23 сентябрь куни аёл уйидан кўчирилган, бир неча кун ўтиб эса шифохонада вафот этган.
Испанияда уй-жой инқирози сўнгги йилларда тобора кучайиб бормоқда. Уй ва ижара нархлари аҳоли даромадларига нисбатан тезроқ ўсмоқда. Шу сабабли кўплаб ёшлар, ҳатто 30 ёшдан ошганлар ҳам мустақил уй ижарага олиш имконига эга бўлмай, ота-оналари билан яшашда давом этмоқда.
Мамлакат Марказий банки баҳосига кўра, Испанияда тахминан 750 мингта уй-жой етишмайди. 2028 йилга бориб бу танқислик 1 миллиондан ошиши кутилмоқда. Уй-жой етишмовчилигига аҳоли ва мигрантлар сонининг ортиши ҳамда арзон уйлар қурилиши талаб даражасида эмаслиги таъсир қилмоқда.
Маълумот учун, Испания Бош вазири Педро Санчес 5 октябрь куни парламентни тарқатиб юбориш ва 29 ноябрда муддатидан олдин парламент сайловларини ўтказиш ҳақида қарор қабул қилган. Бунга парламентнинг ҳукумат таклиф қилган уй-жой бозори ислоҳотини рад этиши ортидан юзага келган вазият сабаб бўлган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Германиянинг Франкфурт шаҳрида ёшлар намойиши вақтида тартибсизликлар юз бергани ҳақида хабар берилган эди.
Live
Барчаси