Испания Сеутадаги 500 нафар муҳожир болани материкка ўтказадиган бўлди
Олам
−
13:22 465 2 дақиқа
Испания ҳукумати Африканинг шимолида жойлашган Сеута ҳудудида бўлган 500 нафар вояга етмаган муҳожир болаларни Испаниянинг материк қисмига кўчиришга қарор қилди. Бу ҳақда “The Guardian” хабар берди.
Маълум қилинишича, жорий йилнинг 30 июль куни Марокашдан Сеутага тахминан 70 минг киши ўтишга уринган. Уларнинг аксарияти кейинчалик Марокашга қайтарилган. Бироқ Испания қонунчилигига кўра, ёлғиз ҳолда келган вояга етмаган муҳожирлар 18 ёшга тўлгунига қадар давлат ҳимоясида бўлиши керак.
Аввалроқ, 13 август куни Испания ички ишлар вазири Фернандо Гранде-Марласка Сеута ёки Мелильяга ноқонуний кирган ҳар қандай шахс ортга қайтарилишини айтган эди. У бундай муҳожирлар Испания материгига ўтказилмаслигини ҳам таъкидлаган.
Янги қарорга кўра, энг ҳимояга муҳтож болалар, хусусан, қизлар билан нодавлат ташкилотлар ва болаларни ҳимоя қилиш идоралари шуғулланади. Бу орқали уларни Испаниянинг автоном ҳудудлари ҳукуматларига расман бириктирмаслик режалаштирилмоқда.
Айни пайтда Испаниядаги айрим консерватив ва ўта ўнг сиёсий кучлар муҳожир болаларни қабул қилишга қарши чиқмоқда. Хусусан, Халқ партияси ҳукумат режасини рад этиб, болаларни ўз оилалари бағрига қайтариш кераклигини билдирган.
Европа Иттифоқи ҳам Испания ҳукумати қарорига нисбатан ўз позициясини билдирган. Европа комиссияси вакили Маркус Ламмертнинг таъкидлашича, Европа қонунчилигига кўра, Сеутада қолган барча ноқонуний муҳожирлар, жумладан, ёлғиз вояга етмаганлар ҳам Марокашга қайтарилиши керак.
Испания ҳукумати эса мамлакатнинг амалдаги қонунчилиги ёлғиз вояга етмаган муҳожирларни ҳимоя қилишни талаб қилишини билдирмоқда. Европа Иттифоқининг янги миграция пакти ҳали Испания қонунчилигига тўлиқ киритилмагани сабабли, ҳозирча мамлакатнинг ички қоидалари амал қилмоқда.
Маълумотларга кўра, жорий йил март ойи ҳолатига кўра, Испанияда 16–23 ёшдаги 21 мингдан ортиқ шахс давлат ҳимоясида бўлган. Уларнинг қарийб 3,5 минг нафари 17 ёшдан кичик бўлган, тахминан ярми эса Марокашдан келган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Испаниянинг Шимолий Африкадаги Сеута анклавига бостириб кирган юзлаб мигрантлар шаҳардаги пляжлардан бирида норозилик намойиши ўтказгани ҳақида хабар берилган эди.
Live
Барчаси