Испания Исроил сабабли ЖЧ-2026 да қатнашмаслиги мумкин
Спорт
−
18 Сентябрь 15646 2 дақиқа
Агар Исроил терма жамоаси саралашдан муваффақиятли ўтиб, 2026 йилги Жаҳон чемпионатига йўлланмани қўлга киритса, амалдаги Европа чемпиони Испания миллий терма жамоаси ушбу турнирда қатнашмаслиги мумкин. Мамлакат ҳукумати расмийлари Исроилнинг Ғазодаги ҳаракатлари сабабли шундай таклиф билан чиққан. Бу ҳақда “Gazeta express” нашри хабар берди.
Исроил миллий терма жамоаси ҳозирда саралаш гуруҳида учинчи ўринда бормоқда. Улар Норвегиядан 6 очко ортда, аммо иккинчи ўриндаги Италия билан очколари тенг. Гуруҳ ғолиби тўғридан тўғри жаҳон чемпионатига чиқади, иккинчи ўрин эгалари эса бошқа гуруҳ натижаларига қараб плей-офф босқичида иштирок этади.
Испания Бош вазири Педро Санчес эса Исроилни Ғазодаги ҳаракатлари туфайли халқаро спорт мусобақаларидан четлаштиришга чақирмоқда. У 2022 йилда Россия Украинага бостириб киргач, FIFA ва UEFA’дан четлатилганини эслатиб, Исроилга ҳам худди шундай муносабатда бўлиш кераклигини таъкидлаган.
“Исроил ўз имижини оқлаш учун ҳеч қандай халқаро мусобақадан фойдалана олмайди”, дейди Санчес.
Испания Конгрессидаги Социалистик гуруҳ матбуот котиби Патхи Лопес ҳам бойкот масаласини кўтарди. Унга кўра, агар Исроилга қарши чоралар кўрилмаса, Испания терма жамоаси Жаҳон чемпионатида қатнашмаслиги мумкин.
“Биз буни кейинчалик кўриб чиқамиз, аммо агар ҳеч қандай чора кўрилмаса, ўз вақтида расмий сўров бўлиши мумкин”, дейди Лопес.
Испания Спорт вазири Пилар Алегрия ҳам Исроилни халқаро мусобақалардан четлатиш тарафдори эканини билдирган.
“Спорт реал дунёдан мустақил ҳудуд эмас. Инсон ҳуқуқлари бузилаётган бир пайтда мусобақалар бундан четда қолиши мумкин эмас”, дейди у.
Ҳозирча FIFA ҳам, UEFA ҳам Испания ҳукуматининг баёнотларига расмий муносабат билдирмаган. Шу сабабли, Испаниянинг 2026 йилги Жаҳон чемпионатида қатнашиши масаласи очиқ қолмоқда.
Маълумот учун, Испания миллий терма жамоаси Қатарда бўлиб ўтган 2022 йилги Жаҳон чемпионатида нимчорак финал босқичигача етиб бориб, Марокаш миллий терма жамоасига пенальтилар сериясида имкониятни қўлдан бой берган ва мундиал билан хайрлашган.
Live
БарчасиПутин Имомали Раҳмонга таъзия билдирди.
22 Декабрь