Испания Исроил билан 700 млн евролик қурол-яроғ келишувини бекор қилди

Олам

image

Испания Мудофаа вазирлиги Исроилнинг Elbit Systems компанияси билан PULS артиллерия тизимини етказиб беришга оид 700 миллион евролик шартномани бекор қилди. Бу ҳақда бугун, 16 сентябрь куни “Ynet” хабар берди.

Қайд этилишича, ушбу қарор Ғазодаги уруш фонида Мадрид ва Тель-Авив ўртасидаги муносабатларнинг узилишини янада кучайтирган ҳамда Исроилнинг Rafael Advanced Defense Systems компаниясидан 285 миллион евролик Spike LR 2 танкка қарши ракета шартномасининг тўхтатилишидан кейин қабул қилинган.

Маълумот учун, PULS тизими – 300 км масофагача уча оладиган бошқарилмайдиган ракеталар, юқори аниқликдаги ўқ-дорилар ва ракеталарни учиришга мўлжалланган бўлиб, Испания армиясини модернизация қилишнинг муҳим элементи сифатида қараларди. Келишувни бекор қилиш қарори Испаниянинг Исроилдан технологик қарамликни “нолга тушириш” истагини билдиради.

Ҳозир Испания Raytheon ва Lockheed Martin каби Америка компанияларнинг муқобил вариантларини, жумладан, Javelin ракета мажмуасини кўриб чиқмоқда.

Қайд этиш жоиз, Испания Бош вазири Педро Санчес Европада Исроилни энг кескин танқид қилувчилардан бири ҳисобланади. У бунгача Ғазодаги “ваҳшийликлар ва геноцид”ни қоралаб, мамлакатни халқаро спорт мусобақаларидан четлатишга чақирган. Бундан ташқари, у “геноцидга ҳамкорлик”ни тугатиш учун тўққизта чорани эълон қилган. Уларнинг орасида қурол етказиб беришга тўлиқ эмбарго, ҳарбий жиноятларга алоқадор исроиллик амалдорларга мамлакатга кириш тақиқи, ҳарбий ҳамкорликни тўхтатиш ва фаластинликларга гуманитар ёрдамни кенгайтириш бор.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Фаластин ҳудуди бўйича мустақил халқаро тергов комиссияси Исроилнинг Ғазодаги ҳаракатларини “геноцид” деб тан олгани ҳақида хабар берилган эди. БМТ томонидан эълон қилинган ҳисоботда айтилишича, Исроил ҳукумати Ғазо секторидаги фаластинликларнинг репродуктив қобилиятини гуруҳ сифатида қисман йўқ қилган, шу жумладан, туғилишнинг олдини олишга қаратилган чора-тадбирларни қўллаган ва фаластинликларни атайлаб жисмонан йўқ қилишга интилган.


Мақола муаллифи

Теглар

Испания Исроил Elbit Systems

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг