Испания Бош вазирининг рафиқаси порахўрликда айбланди
Олам
−
14 Апрель 3779 2 дақиқа
Испания Бош вазири Педро Санчеснинг рафиқаси Бегонья Гомесга тўртта жиноят, жумладан, коррупция бўйича айблов эълон қилинди. Бу ҳақда “Deutsche Welle” хабар берди.
Қайд этилишича, Бегонья Гомес иши бўйича тергов якунланган. Унга нисбатан таъсир доирасини суиистеъмол қилиш, бизнесдаги коррупция, давлат маблағларини ўзлаштириш ва талон-торож қилиш айбловлари қўйилган. Суд далиллар йўқлиги сабабли касбий ваколатларни суиистеъмол қилиш моддаси бўйича айбловни рўйхатдан чиқарган. Мазкур қарор ишнинг бошқа икки фигуранти – тадбиркор Хуан Карлос Баррабес ва амалдор Кристина Альваресга ҳам тегишли.
Судья томонларга оғзаки эшитувларни очиш ҳақида илтимоснома бериш ёки ҳимоя нутқларини тайёрлаш учун беш кунлик муддат берган. Бу одатда суд жараёни бошланишидан олдинги босқич ҳисобланади.
“Deutsche Welle” маълумотларига кўра, терговчилар диққат марказида Бегонья Гомеснинг шахсий лойиҳаси – Мадриддаги “Комплутенсе” университетида ташкил этилган “Рақобатбардош ижтимоий трансформация” номли кафедра бўлган. Экспертларнинг фикрича, ушбу кафедрани ташкил этишга ҳеч қандай зарурат бўлмаган ва уни очиш учун олийгоҳ ректоратига босим ўтказилган. Тергов бошланганидан сўнг, кафедра “илмий ва амалий аҳамиятга эга эмас” деб топилиб, ёпилган.
2024 йил октябрь ойида тергов доираси кенгайтирилufy. Бунга ўта ўнгчи “Hazte Oír” ташкилотининг Гомес хоним “Комплутенсе” университетига тегишли дастурий таъминотни ноқонуний ўзлаштирганликда гумон қилиб берган даъво аризаси сабаб бўлган. Гомесга қўйилган яна бир айблов – давлатдан маош олувчи амалдор Кристина Альваресдан ўзининг шахсий бизнес лойиҳаларида ёрдамчи сифатида ноқонуний фойдаланганликдир. Шу билан бирга, Бегонья Гомес ўзига қўйилган барча айбловларни рад этмоқда.
Live
Барчаси