Испания ҳам эҳтимолий урушга тайёрланмоқда
Олам
−
10:14
4221Испания ҳукумати Украинадаги урушнинг кескинлашуви фонида ўз ҳудудида жанговар ҳаракатлар юз бериши хавфи бўлган ҳолатларда фуқароларни ҳимоя қилиш бўйича биринчи миллий режасини тайёрламоқда. Бу ҳақда мамлакат Ички ишлар вазирлигидаги манбаларига таяниб, “20Minutos” нашри хабар берди.
Қайд этилишича, фуқароларни урушдан ҳимоя қилиш бўйича махсус режа 15 октябрь куни Миллий хавфсизлик кенгаши томонидан тасдиқланган беш йиллик Фуқаролик ҳимояси миллий стратегияси доирасига киради. Мазкур стратегияга илк бор “уруш хавфи” атамаси киритилган.
Нашр манбасига кўра, режанинг асосий мақсади – хавф юзага келган тақдирда аҳоли қандай йўл тутиши кераклигини тушунишга ёрдам берадиган ҳужжат ишлаб чиқиш ҳисобланади. Бу ҳужжат Испанияда одатий фавқулодда ҳолатлар (масалан, ёнғинлар, вулқон отилишлари ёки сув тошқинлари) учун мўлжалланган бошқа йўриқномалар асосида ишлаб чиқилади.
Режа тайёрланишида Швеция, Финляндия, Норвегия ва Болтиқбўйи давлатларининг тажрибасидан фойдаланилади. Бу давлатларнинг йўриқномасида фуқароларга узоқ муддат сақланадиган озиқ-овқат, сув, дори-дармон ва бошқа зарур маҳсулотлар билан бир ҳафтага захира яратиш тавсия этилади. Шунингдек, уларда фавқулодда ҳолатларда хотиржамликни сақлаш, болалар билан бу мавзуда суҳбатлашиш, қон оқишини тўхтатиш ҳамда уй ҳайвонларига ғамхўрлик қилиш бўйича тавсиялар мавжуд.
“Хавфсизлик сиёсати соҳасидаги вазият жиддий, шунинг учун биз турли инқирозлар, шу жумладан урушга қарши туришга тайёргарлигимизни оширишимиз керак”, дейилади хабарда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Германия Қуролли кучлари (Бундесвер) Россия билан эҳтимолий урушга тайёргарлик кўриш мақсадида мамлакатнинг йирик компаниялари вакиллари билан тушунтириш ишлари олиб бораётгани хабар қилинган эди.