Германия Россия билан эҳтимолий урушга тайёрланмоқда
Олам
−
20 Ноябрь
9000Германия Қуролли кучлари (Бундесвер) Россия билан эҳтимолий урушга тайёргарлик кўриш мақсадида мамлакатнинг йирик компаниялари вакиллари билан тушунтириш ишлари олиб бормоқда. Бу ҳақда “Frankfurter Allgemeine Zeitung” хабар берди.
Нашрга кўра, ҳукумат “Германия операцион режаси” деб номланган махфий ҳужжат ишлаб чиққан. Унда, хусусан, ҳарбий мақсадларда махсус ҳимоя талаб қилинадиган барча иншоотлар ва инфратузилма объектлари рўйхати келтирилган. Шунингдек, ҳужжатда мудофаа чоралари бўйича батафсил ҳаракатлар режаси мавжуд.
Бундан ташқари, Россия ва НАТО ўртасида Шарқий Европада тўғридан тўғри тўқнашув юз берган ҳолатга мўлжалланган махсус режа ҳам мавжуд. Бу ҳолатда Германия аскарларни, шунингдек, ҳарбий техника, озиқ-овқат ва дори-дармонларни фронтга етказиб бериш учун транспорт маркази бўлиши керак. Мазкур ҳужжат тахминан минг бетдан иборат.
Ҳозирга қадар компанияларни урушга тайёргарлик бўйича илк тадбир Гамбург савдо-саноат палатаси томонидан ўтказилган. Нашр маълумотларига кўра, минтақавий қўмондонлик раҳбари, полковник-лейтенант Йорн Плишке бизнес вакиллари учун аниқ тавсиялар берган.
“Ҳар 100 нафар ходим учун камида 5 нафар юк машинаси ҳайдовчисини тайёрланг. Немис йўлларида ҳаракатланувчи барча юк машиналарининг 70 фоизини шарқий европаликлар бошқаради. Агар у ерда уруш бошланса, бу одамлар қаерда бўлади?” деди ҳарбий.
Шунингдек, у корхоналарни дизель-генераторлар ёки ўзига хос шамол электр станциялари каби мустақил энергия манбаларига ўтишга чақирган.
Плишкега кўра, Россия Германия билан можарога тайёргарлик кўрмоқда. Хусусан, улар разведка учун дронларни учириш, диверсиялар, киберҳужумлар ўтказиш ва немис компаниялари юқори раҳбарларига суиқасд қилиш режасини тузмоқда.
“Россия урушга тайёргарликни бошлаб юборган ва ҳозирда ойига 25 та жанговар танк ишлаб чиқармоқда, Германия эса йилига атиги учта,” деди Плишке.
Ҳарбийнинг чиқишидан сўнг, Гамбург мэри шаҳарда фуқаро мудофааси бўйича учинчи рота ташкил этилганини эълон қилган. Ушбу рота Бундесвернинг жанговар бўлинмаларига кирмайдиган, аммо хавфсизлик ва ҳимоя вазифаларига жалб этиладиган кўнгиллиларни ўз ичига олади. Гамбург сенати эса хавфни ҳисобга олиб, инқирозни бошқариш ва аҳолининг ҳимоясини кучайтириш учун 40 дан ортиқ янги иш ўрни яратган.
“Гамбургдаги каби учрашувлар бутун мамлакат бўйлаб ўтказилмоқда. Барча ҳудудий қўмондонликларга бу вазифани бажариш топширилган,” дейилади хабарда.
Нашрга кўра, “Германия операцион режаси” ҳали тасдиқланмаган ва у логистика масалаларига эътибор қаратиладиган “Red Storm Bravo” машғулотлари билан тўлдирилади.