Ислом Каримовнинг шифокори унинг тоби қочган кунни ёдга олди
Жамият
−
30 Январь 2020
65974Аввалроқ, Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримовнинг шахсий шифокори, Тошкент тиббиёт академияси анестезиология ва реаниматология кафедраси профессори, Республика шошилинч тиббий ёрдам ўқув маркази директори Вячеслав Аваковнинг Ислом Каримов ҳақидаги хотираларининг бир қисмини эътиборингизга ҳавола этган эдик.
Айни дамда ушбу хотираларнинг қолган қисмини тақдим этамиз.
“Ўтган йиллар давомида Ислом Каримовни кузатиб, шуни англадимки, у жуда юқори иш қобилиятига эга инсон эди. Суткасига йигирма олти соат ишларди, десам муболаға бўлмайди. Чунки у иш графигини жуда тиғиз қилиб қўяр, ҳатто уни тиббий кўрикдан ўтказиш учун шу графикка мослашишга ҳаракат қилардик. Йилда бир мартагина чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказишга аранг кўндирардик. Ахир қирқдан ошгандан кейин ҳар бир инсон йилда камида бир ё икки марта тиббий кўрикдан ўтиши зарур. Давлат раҳбари эса инчунун.
Биз уни тушунардик. Шу боис унга жисмоний юкламаларни кўпайтиришни бошладик. Президент билан катта теннис ўйнардик, югурардик. Ислом Каримов қисқа фурсат ичида теннис ўйнашни шунчалар яхши ўзлаштирдики, бир неча ойда барчамизни, ҳатто, спарринг шеригини ҳам ортда қолдирди. Кейинчалик ёш ўтган сари ҳам теннис ўйнашни канда қилмади. Бу унинг ўз олдига қўйган мақсадига етишиш учун барча қийинчиликларни енгиб ўтишга қодирлигидан далолатдир.
Ҳаётимнинг йигирма беш йили давомида у киши билан ёнма-ён юрдим. Унинг узоқни кўра билиш қобилиятига ҳар доим тан берганман. Айниқса, қурилиш ва бунёдкорлик борасидаги ишларга катта аҳамият берарди. Бино қурилишида шамолнинг йўналишини, қуёшнинг тушишини инобатга оларди. Халқнинг фаровонлигини, яхши ҳаёт кечиришини ўйларди.
Ҳар шанба Ислом Абдуғаниевич билан кўришиб, Дўрмондаги боғни сайр қилардик. Бу боғ қаровсиз ётган ўттиз икки гектар ерда у кишининг ташаббуси билан ташкил этилган эди. Биласизми, ҳозир шу боғ Тошкент шаҳрининг том маънода айтганда “ўпка”си ҳисобланади. Яъни шаҳар ҳавосининг тоза бўлишида бу боғнинг аҳамияти катта.
У ўзига ва атрофдагиларга нисбатан ўта талабчан эди. Масалан, қайсидир жисмоний юкламани бажариш чоғида, ёки ишдан ташқари оила даврасида ўтирганда ҳам фақат иш ҳақида, халқ ва давлат ҳақида қайғурарди. Биз уни чалғитишга ҳаракат қилар, лекин барча уринишларимиз деярли зое кетарди. У доим “Мен ишдан чалғий олмайман!” деб таъкидларди. Ислом Каримов борлиғи билан ўзини ишга бағишлаган инсон эди. Ишонасизми, йигирма беш йил давомида бирон жойга, яъни хориждаги номи чиққан дам олиш масканларига бориб ҳордиқ чиқарганини эслай олмайман. Нари борса, ўзимиздаги Қайнарсойга бориб, шанба ва якшанба кунлари икки-уч кун дам оларди, холос.
Туғилган куни жуда оддий, фақат яқинларигина иштирокида ўтарди. Ортиқча сарф-ҳаражатга, санъаткорларнинг келиб хизмат қилишига йўл қўймасди. Яна бир жиҳатни тан олиш керак: у киши қанчалик талабчан ва қаттиққўл бўлса, шунчалик меҳрибон ва самимий эди. Бу бир-бирига қарама-қарши хусусиятлар доим ёнма-ён эди. Ҳар қандай муаммони аниқ ва қатъий ҳал қиларди. Оиласида аёлига, болаларига, невараларига баъзан қаттиққўллик қилар, лекин кўпинча меҳрибон эди. Ислом Абдуғаниевичнинг оила аъзолари билан қандай муносабат қилишига ҳавасимиз келар ва у кишидай бўлишга интилардик.
У дўстликни қадрларди. Дўст бўлишга аҳд қилдими, ҳақиқий дўст бўларди. Шахмат ўйнаётгандами, ҳордиқ чиқараётгандами баъзан болалик, ёшлик хотираларини эслашни, ўша пайтлардаги дўстлари ҳақида гапириб беришни яхши кўрарди. Қайсидир байрамдами, бирон бир сана билан боғлиқ йиғиндами Татьяна Акбаровна билан бирга Ислом аканинг болаликдаги, ёшликдаги дўстларини таклиф қилардик. Ислом Каримов болалиги, ёшлиги ҳақида мароқ билан гаплашган дўстларидан миннатдор бўлар, аксинча, ўзининг муаммоларини айтиб, у кишидан фойдаланиб қолиш пайида бўлганлар билан эса алоқани узарди. Чунки Ислом Каримовнинг муаммолари олдида у кишиники денгиздан томчидай эди. Шундай пайтларда мен Ислом акага “Сиз ўзингизни биз билан солиштирманг. Ахир сиз билан бизнинг орамизда осмон билан ерчалик фарқ бор. Масалан, ёмғир ёғса мен оддий одам сифатида соябон олиб чиқиш ҳақида ўйласам, сиз эса одамларнинг уйидан чакки ўтмаяптими, экинларга нима бўлади, қиш совуқ келса, нима қиламиз, деб бутун халқни, мамлакатни ўйлайсиз” деб тасалли берардим. У киши эса кулиб қўя қоларди.
Ислом Каримов бирон нарса қилмоқчи бўлса, ситқидилдан қиларди. Бир куни Ислом ака тўсатдан: “Сизникига меҳмонга борамиз!” деб қолди. Шошиб қолдим, дарров аёлимга қўнғироқ қилиб, тайёргарлик кўриб туришини айтдим-да, ўзим йўлга тушдим. Уйга бордик, Ислом ака, ҳамма жойни кўздан кечириб чиқди. Бироз гурунг қилиб ўтирди. Аслида келишидан мақсад менинг турмуш шароитим билан танишиш, менинг мисолимда мамлакатда профессорлар қандай ҳаёт кечираётганини билиш эди.
Ҳа, у Ватанини, халқини чин юракдан яхши кўрарди. Шунчалик яхши кўрардики, қиёси йўқ эди. Масалан, бир йили Бразилияга бордик. Меҳмонхонага жойлашдик. Ислом Каримовнинг хонасининг деразасидан океан, соҳил, пальмалар кўриниб турарди. Жуда гўзал манзара эди. Манзарага қараб “Гўзалликни қаранг!” деб ҳайратимни билдирганимда, у киши “Бизда бундан ҳам чиройлироқ жойлар кўп!” деганди. Бу сўзлар унинг қалбидан чиққан самимий сўзлар эди.
Мен чин маънодаги ватанпарварликни Ислом Каримовдан ўргандим. У фарзандларимнинг анча йилдан бери Америкада яшашини билар ва доим “бир кунмас, бир кун сен ҳам кетасан” дерди. Мен у кишига “Нега кетар эканман? Мен шу ерда туғилиб ўсдим, таълим олдим, иш топдим, оила қурдим. Мен Ватанимга керакман. У ёқда ҳеч кимга керак эмасман” дердим. Бундан у киши мамнун бўларди. Мен ваъдамга содиқ қолишга ҳаракат қиламан.
Сўнгги ўн йилда биз нафақат Президент ва шифокор сифатида, балки дўст, ака-ука сифатида мулоқот қилардик. Баъзан халқнинг ҳаёти, яшаш тарзи, аҳволи, кайфияти ҳақида сўрар, мен у кишига “Бир марта дўконларимизни бориб кўринг, ҳамма нарса бор. Шаҳар ва қишлоқларимизни кўринг” дердим.
Бир сафар “Ислом Абдуғаниевич, нега бизда конвертация йўқ? Ахир бошқа давлатларда бор-ку!” деб савол бердим. У шундай оддий ва аниқ жавоб берди-ки, лол қолдим. Ўшанда “Биласанми, бир кун келиб конвертация ҳам бўлади. Ҳозир бизнинг иқтисодиётимизда муаммолар кўп. Завод-фабрикалар қуришимиз керак. Унинг учун энг замонавий ускуналар керак. Ускуналар эса четдан валютада келтирилади. Агар конвертацияни йўлга қўйсак, биз валютани маиший, майда-чуйда нарсаларга ишлатиб юборамиз. Биз валютани завод ва фабрикаларга сарфлашимиз ва иқтисодиётимизни кўтариб олишимиз керак” деганди.
Ислом Каримов оқилона ва узоқни ўйлаб иш юритадиган буюк инсон эди. Мамлакатимизни энг оғир дамларда ҳам оёққа туриб олишида, иқтисодиётимизнинг ривожланишида, халқнинг тинч-осойишта ва фаровон ҳаёт кечиришида Биринчи Президентимизнинг ҳиссаси катта.
Юқорида айтиб ўтганимдай, у киши бақувват ва соғлом эди, соғлигидан шикоят қилмасди. 26 август куни ҳаммамиз Татьяна Акбаровнанинг туғилган кунини нишонладик. Ислом Абдуғаниевич соат тўққизларда ишдан келди, ҳаммамиз бир оила аъзоларидек чиройли дастурхон атрофида ҳазил-ҳузул қилиб ўтирдик. Ислом аканинг ҳам кайфияти аъло эди. Эртасига эса у кишининг соғлиги кескин ёмонлашгани ҳақида эшитдик. Зудлик билан етиб бориб, Ислом Абдуғаниевични шифохонага олиб бордик. Менинг хаёлимда эса бир савол айланаверарди: қандай қилиб шундай соғлом одам бирдан йиқилиши мумкин?!
Менинг ака-укаларим йўқ эди, биттагина опам бор эди. Биринчи Президентимиз вафот этганларида ўзимнинг туғишган акамни йўқотгандай бўлганман.
Мендан кўпинча “бахтиёрмисан?” деб сўрашади. Мен “Албатта” дейман. Чунки Ислом Каримовдай буюк инсоннинг ёнида ўтган йигирма беш йил мен учун катта ҳаётий мактаб бўлди. Ислом Каримовдан Ватанни, халқни севишни, юртнинг, табиатнинг гўзаллигидан баҳра олишни ўргандим”.