Лола Каримова: отам 78 ёшли қарияга ўхшамасдилар
Жамият
−
30 Январь 2020
22527Бугун, 30 январь Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримов таваллуд топган кун. Шу муносабат билан Ислом Каримовнинг кенжа қизи Лола Каримова-Тиллаева отасининг туғилган куни муносабати билан ўз хотиралари билан ўртоқлашди.
“Бугун таваллуд топган кунингиз ва биз – фарзандалирингиз ушбу санани ёд этиб, сизни хотирлашимиз учун етарлича сабаб бор.
Вақт ўтиб, ёшим улғайган сари сиз айтган сўзлар, менга берган маслахатлар, ва, энг муҳими, менга ўрнак бўлган хатти-ҳаракатларингизни чуқур маъносини англаб бораман.
Бунинг учун миннатдорман ва баъзи хотираларим билан сизни ўзига азиз деб билган ҳамда оталари каби ҳурмат қилган кўпгина инсонлар билан ўртоқлашмоқчиман.
Урушдан кейин деярли барча эркаклар тамаки чекишган, бу иллатнинг соғлиққа қанчалик зарарлигини билмаган ҳолда.
Отам ҳам уша пайтларда чекканлар, аммо буни зарарини билиб, дарҳол ташлаган эканлар. Ўша пайтда ёшлари 40 да эди. Ўша йили мен дунёга келганман. Мен отам қўлларида сигарет ушлаганларини эслай олмайман. Фақат бу ёмон иллатга салбий муносабатларини эслайман. Улар одамлар чекканини ёқтирмасдилар, ва тамаки хидини ёмон кўрар эдилар. Бу муносабатлари билан атрофдагиларга ҳам кўп йиллар давомида ўз таъсирларини ўтказганлар.
Ҳамиша мунтазам равишда спорт билан шуғулланганлар. Ёшроқ бўлганларида профессионал равишда кураш (борьба) билан шуғулланганлар. Бир куни, тренировкада оёқларини синдириб, уйга бир оёқда сакраб келганлар. “Таслим бўлгим келмади”, дея онамга тушунтиргандилар.
Ушбу жароҳатдан сўнг спорт билан шуғулланишни давом этавердилар, ва сузишни бошладилар. Спорт кундалик жадваларининг ажралмас қисми эди. Ёшлигимда, эсимда, ярим кечасигача ишласалар ҳам спортга барибир вақт топар эдилар, кун чиқиши билан туриб, эрталаб соат олтиларда тренировкага кетар эдилар.
Кейинчалик катта теннис билан жиддий шуғулландилар. Ҳаётларини охиригача. Умрларининг сўнги кунларида ёнларида касалхонада бўлганимда шифокорлар жисмонан жуда бақувват инсон эканларини ва 78 ёшли қарияга ўхшамасликларини айтишар эди. “Соғлом танада соғлом руҳ” деган ибора улар учун ҳаёт маслаги эди. Шифокорларга мурожаат қилишни ёқтирмасдилар ва соғломликлари, кўп жиҳатдан, метин иродалари туфайли эди. Овқат танаввул этишда камтарона эдилар, ортиқчаликка йўл қўймасдилар, зиёфатларни ёқтирмаганлар. Катта дастурхон фақат байрамларда ёзиларди. Ишга бутунлай берилган инсон эдилар.
Ҳаётда ўрнак бўлган фазилатлари бу мавжуд шароитни олдиларига қўйган мақсадга буйсундира олиш, ўтмиш ҳақида афсус чекмасдан, ҳамиша олға юриш қобилияти эди.
P.S. Ушбу сатрларни ёзишни тугатар эканман, Тошкентда 30 январь кириб келган, саҳар ҳам яқинлашаяпти. Юрагим тез-тез урар экан, кўз ёшларимни ушлаб туришга ҳаракат қиламан. Сизга аталиб шунча кўп табриклар, постлар, суратларингиз… Неварангиз меҳр билан “бобо” деди. Бугун минглаб инсонлар ҳақингизга дуо қилиб, сизни меҳр билан ёдга оладилар”, деган Лола Каримова.
Эслатиб ўтамиз, Тошкентда ислом Каримов таваллудининг 82 йиллиги муносабати билан хотира альбоми нашрдан чиқарилди. Унга Биринчи Прездентнинг фаолияти давомида олинган суратлар билан бир қаторда шахсий суратлари ҳам киритилган.