Ислом бирдамлиги ўйинларининг мезбони аниқ бўлди
Спорт
−
18 Декабрь
64742025 йилги Ислом бирдамлиги спорт ўйинлари Саудия Арабистони пойтахти Ар-Риёд шаҳрида бўлиб ўтади. Бу ҳақда Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитаси матбуот хизмати хабар берди.
Айни кунларда Албания пойтахти Тирана шаҳрида Ислом бирдамлиги спорт ассоциацияси (ISSA)нинг навбатдаги сессияси бўлиб ўтмоқда. Сессияда келаси йил ўтказилиши кўзда тутилган Ислом бирдамлиги ўйинларининг мезбонлиги ва ташкилотнинг келгусидаги фаолиятига оид масалалар кўриб чиқиляпти.
Йиғилишда Саудия Арабистони пойтахти Ар-Риёд келаси йил Ислом бирдамлиги ўйинларига мезбонлик қилиши расман тасдиқланди. Бўлажак мусобақа 7-21 ноябрь кунларига белгиланган. Мусобақалар дастуридан 13 та Олимпия, 4 та ноолимпия, 3 та Паралимпия ва 1 та миллий спорт тури ўрин олган.
Маълумот учун, сўнгги Ислом бирдамлиги ўйинлари 2022 йил Туркиянинг Коня шаҳрида ўтказилган бўлиб, унда Ўзбекистон делегацияси 56 та давлат орасида 51 та олтин, 42 та кумуш ва 65 та бронза медаллари билан умумжамоа ҳисобида мезбонлардан сўнг 2-ўринни эгаллаган эди.
LiveБарчаси